Ҳаётий эҳтиёжлари қондирилмоқда

Ташрифлар: 59

Сана: 10.05.2017 17:32

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг жойлардаги халқ билан мулоқотлари барча соҳлардаги ютуқ ва камчиликларни ўрганиб, муаммоларни таҳлил қилиш, аҳоли талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларнинг ижобий ечимини таъминлаш имконини бермоқда. Ишчи гуруҳи аъзолари бу гал Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани аҳолиси билан учрашувлар ўтказди.

– Мулоқотлар ғоят самимий ва ишчан руҳда ўтди, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, сенатор Солижон Мўминов. – Туман маркази ва қишлоқлардаги 850 дан ортиқ хонадонларга кирилди. 500 га яқин муаммоли масалалар ўртага ташланди. Уларнинг аксарияти уй-жой, коммунал, тиббий хизмат кўрсатиш, таълим, бандлик, инфратузилма ҳамда тадбиркорлик борасидаги вазифалар билан боғлиқ бўлиб, 101 масала жойида ҳал этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Наргиз Халилова тумандаги Нанай ва Заркент қишлоқларидаги аҳоли билан учрашди. Фуқаролар бу учрашувлардан мамнун эканликларини айтишди.

– 9 май хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Заркент қишлоғида истиқомат қилувчи Соҳибахон Отамирзаева. –Айниқса, ўтганларни хотирлаш, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини, фахрийларни эъзозлаш, уларни байрам билан табриклашга катта аҳамият берилаётганлигидан ҳамма ҳурсанд. Қишлоқдаги қабристонлар ободонлаштирилди. Якка-ёлғиз яшовчи кексалардан, беморлардан хабар олинди. Бу каби хайрли ишлар ёшлар тарбиясига ижобий таъсир этмоқда. Лекин беш қўл баробар бўлмаганидек, маҳалламизда нотинч оиалалар, фарзандлар тарбиясига етарли даражада эътибор қаратмаётганлар, томорқасидан унумли фойдаланмаётганлар ҳам йўқ эмас. Ишсизлик, ажралишлар, ҳуқуқбузарликлар ҳам учраб турибди. Шунинг учун мен битта таклиф бермоқчиман, яъни қишлоқ фуқаролар йиғини биносида кутубхона ташкил этсак, ёшларни китоб ўқишга ўргатсак, яхши бўларди.

Таклиф дарров эътиборга олинди. Депутатнинг саъй-ҳаракати билан 2 кун ичида Заркент қишлоқ фуқаролар йиғини биносида кутубхона ташкил этилди.

Шунингдек, депутатларга “Заркент” деҳқон бозорида сотувчи ва харидорлар учун шароитлар етарли эмаслиги тўғрисида ҳам эътироз билдирилди. Бу мурожаат ҳам эътиборга олинди ва туман ҳокимлигига депутат сўрови киритилди.

Партия электорати вакиллари бўлган тадбиркорлар ва фермерларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳам ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлди. Жумладан, баъзи маҳаллаларда оилавий бизнесни юритиш истагида юрганлар тижорат банкларидан кредит олишда муаммоларга дуч келаётганликларини таъкидлашди. Бу масала ҳам депутатларнинг аралашуви билан ижобий ечим топди, тижорат банклари раҳбарларига бундай фуқароларга молиявий кўмак бериш бўйича тавсия ва топшириқлар берилди.   

  O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!