Ҳисобот-сайлов йиғилишлари давом этмоқда

Ташрифлар: 56

Сана: 14.03.2017 18:54

O‘zLiDeP Нукус шаҳар Кенгаши атрофига 65 та бошланғич ташкилот жипслашган. Партия аъзолар сони эса 2 минг нафарни ташкил қилади. Эътиборлиси, қуйи бўғинлар мавқеи, обрў-эътиборини ошириш мақсадида ўтказилаётган оммавий-сиёсий тадбирлар натижасида партия аъзолар сони йил сайин ўсмоқда.   

Нукус темир йўл ва транспорт касб-ҳунар коллежи қошида фаолият кўрсатаётган бошланғич партия ташкилотининг навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишида таянч нуқталарнинг 2016 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастуридан келиб чиқадиган БПТнинг 2017 йилдаги устувор вазифалари ҳақида сўз юритилди.  

Таъкидланганидек, партия ғояларини кенг тарғиб қилиш, электорат манфаатларини ҳимоялаш, сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, аҳоли орасида юзага келаётган муаммоларни депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда бартараф этишда қуйи бўғинларнинг ўрни беқиёс. Улар қанчалик мустаҳкам бўлса, партия ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

– Ўзининг сиёсий жиҳатдан етуклиги билан бошқаларга ибрат бўлаётган бошланғич партия ташкилот раислари кўпчиликни ташкил қилади, – дейди O‘zLiDeP Нукус шаҳар Кенгаши БПТ билан ишлаш бўйича консультанти Элиза Бекимбетова.– Мазкур қуйи бўғинлар томонидан партиянинг мақсад ва ғояларини аҳоли орасида тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган самарали ишлар яхши натижа бермоқда. Айниқса, тарғибот-ташвиқот ишларининг йўлга қўйилиши, сафимизга янги аъзолар қабул қилинишида, ўз навбатида, партиянинг аҳоли орасидаги нуфузини янада ошишида муҳим омил бўлмоқда. Фикримча, ҳисобот-сайлов йиғилишлари бошланғич партия ташкилотлари раисларининг билимини яна бир карра синовдан ўтказиш, ўтган йилдаги фаолиятини таҳлил қилишда кенг замин яратади.  

– Аҳолини сиёсий партиялар фаолиятига қизиқтириш, жалб қилиш учун, аввало, партиянинг ғоялари тарғиботи, энг муҳими, унинг оддий одамлар ҳаётидаги ўрнини фуқароларга тўғри тушунтириш лозим, – дейди O‘zLiDeP Нукус шаҳар Кенгаши аппарат раҳбари Залзербай Баекеев. – Агар партия ғоялари маъқул бўлса, улар ҳаётийлигига ишонсагина, партия сафига кириш истагини билдиради. Бундай ғояларни фақат қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга оширишда бошланғич партия ташкилотининг ўрни ва роли юқори. Зотан, таянч нуқталар партия электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонларнинг қонуний манфаатини ифодаловчи ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалалар бўйича юқори партия ташкилотига таклифлар беради, сиёсий партиянинг нуфузини янада ошишида муҳим ўрин тутади. Демак, ишни қуйидан бошлаш, муҳими, қуйи бўғинларда сиёсий жиҳатдан етук раҳбарларни сайлаш бугунги куннинг талабидир.  

Йиғилишда кун тартибидаги барча масалалар муҳокама қилиниб, бошланғич партия ташкилотига партия аъзоларини жипслаштиришга қодир, сиёсий жиҳатдан етук раис сайланди.

   O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!