Ҳудуддаги муаммолар қуйи бўғин фаоллигида ўз ечимини топмоқда

Ташрифлар: 130

Сана: 18.04.2017 12:44

Бугун юртимизда кечаётган сиёсий-ижтимоий жараёнлар, иқтисодий ислоҳотлар, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари O‘zLiDeP фаоллари қатори унинг таянч нуқталаридан ҳам янада фаолликни, ўз устида кўпроқ ишлашни, ташаббускорликни талаб қилмоқда. Бу жараёнда БПТ эса халқ билан узвий мулоқотда бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни депутлик гуруҳлари билан ҳамкорликда бартараф этмоқда, электорат вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Хўш, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах шаҳар Кенгашининг таянч нуқталари бугун бу вазифаларга қай даражада ёндашаяпти? Улар фаолиятини давр талаблари даражасида ташкил этиш учун нималарга эътибор қаратиши керак?

– Бугун жойларда бўлиб ўтаётган ҳисобот-сайлов йиғилишларида ушбу саволларга жавоб изланмоқда, етарлича ташаббус ва фаоллик кўрсата олмаётган етакчилар ўрнига янгилари сайланмоқда, – дейди O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши БПТ билан ишлаш гуруҳи раҳбари Исомиддин Ҳамидов. – Айтиш жоиз, шу кунга қадар вилоятдаги 582 тузилманинг 492 тасида ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилган бўлса, уларнинг 81 тасида янги етакчилар сайланди. Тўғри, ҳисобот-сайлов йиғилиши ҳисобот учун расмиятчилик юзасидан ўтказиладиган тадбир эмас. Аксинча тадбирлардан кўзланган мақсад таянч нуқталарга сиёсий жиҳатдан билимдон, партия мақсад ва вазифаларини аҳоли орасига тарғиб қилишга қодир раҳбарларни танлаш ва уларни қуйи бўғинларга сайлашдан иборат. 

Жиззах шаҳар Кенгаши таркибидаги  “Жиззахпластмасса” акциядорлик жамияти қошида фаолиятт кўрсатаётган бошланғич партия ташкилотининг ташкил топганига бир йил бўлди. Шунга қарамай ўтган вақт мобайнида айнан мазкур таянч нуқтанинг фаоллиги, ташаббуси билан ҳудуддаги бир талай ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўз ечимини топди.

Мазкур қуйи тузилмада ташкил этилган ҳисобот-сайлов йиғилишида ўтган йилда қуйи бўғин томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

–Хайробод МФЙда жойлашган Шариллоқ қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш учун 400 метр масофадан политилен қувур ётқизилди, – дейди БПТ раиси Элёр Тўрақулов. – Шу билан бирга Хайробод, “Оқ Олтин” МФЙ ҳудудларида яшовчи аҳоли масканлари ва Жиззах шаҳри ўртасида йўловчи автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Фақат шугина эмас. Шунингдек, қуйи бўғин томонидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида аъзоларимиз сонини янада кенгайтиришга эришдик. Масалан, партиянинг истиқболли лойиҳалари доирасида ташкил этилган тадбирлар самараси ўлароқ, сафимизга яна 15 нафар аъзолар қўшилди. Айни чоғда бошланғич партия ташкилотимизда 22 нафар аъзоларимиз аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал этишда камарбаста бўлиб келмоқда.  

Йиғилишда O‘zLiDeP Жиззах шаҳар Кенгаши “Жиззахпластмасса” акциядорлик жамиятидаги бошланғич партия ташкилотининг 2017 – “Халқ билан мулоқот инсон манфаатлари йили”да амалга ошириладиган тадбирлар режаси тасдиқланиб, таклиф ва мулоҳазалар  асосида келгуси вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир якунида партия сафига янги қабул қилинган маслакдошларимизга аъзолик гувоҳномаси топширилди.

O‘zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!