Китоб бебаҳо бойлик – уни ўқиб ўрганиш олий бахт

Ташрифлар: 262

Сана: 23.12.2016 14:35

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилоят Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка кенг тарғиб этиш, шунингдек, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни китобга бўлган меҳр-муҳаббатини янада кучайтириш мақсадида “Китоб – маънавият бешиги” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.  

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, O‘zLiDeP Сиёсий  Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, вилоят Ёзувчилар уюшмаси, театр ва санъат вакиллари, партия фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар, тадбиркор ва фермерлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш бош устувор вазифа этиб белгиланган.

Бу борада Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам давлатимиз раҳбарининг мазкур белгилаб берган устувор вазифаларни сидқидилдан амалга ошириш мақсадида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни китобга бўлган қизиқишларини янада ошириш, барча таълим муассасаларида китобхонлик кечалари, турли семинар ва танловлар ташкил этишни режалаштирган.

Барчамизга маълумки, халқимизда “Кўп ўқиган – кўп билади” деган гап бор. Айниқса, бу билим ёшликда эгалланса, тошга ўйилган нақш каби онгу қалбга муҳрланади. Шу боис мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида ёшларга пухта билим бериш, уларнинг маънавиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида навқирон авлоднинг китобга бўлган меҳрини, мутолаа маданиятини ошириш борасида давлатимиз томонидан изчил сиёсат юритилди.

Маънавият масканлари, ахборот-ресурс марказлари барпо этилаётгани, мактаблар қошидаги кутубхоналарнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп адабиётлар билан бойитиб борилаётгани соҳа равнақи йўлида кўрсатилаётган улкан эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

– Навқирон авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс, – дейди партия вилоят Кенгашининг хотин-қизлар билан ишлаш бўлими мудири Муяссар Джамолдинова. – Шу боис юртимизда чоп этилаётган турли номдаги адабиётларни ўқувчилар оммасига етказишда китоб байрамлари муҳим аҳамият касб этади. Барча таълим муассасаларида ўтказилаётган мулоқотларда бадиий адабиёт, китобхонлик маданияти асосий мавзуларга айланмоқда.Бу жараёнда O‘zLiDeP томонидан халқимизнинг ўзига хос эзгу қадриятлари ва маънавий қиёфасини шаклланишига улкан таъсир кўрсатган нодир адабиётларни мамлакатимиз хотин-қизлари, айниқса ёш йигит-қизлар орасида ушбу белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида амалга оширилаётган турли чора-тадбирлар диққатга сазавор.

Тадбирда партиянинг Тошкент вилояти кенгаши фаоллари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017 йилда аҳоли билан мулоқот қилишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, хусусан, туман (шаҳар) Кенгашларининг чекка ҳудудлардаги хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда янги лойиҳалар, кўрик-танловларни ҳаётга тадбиқ этиш борасидаги қатор таклифлар ўртага ташланиб, галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Миллий адабиётимизнинг ривожи, ундаги янги тенденциялар, китобхонлик маданияти ва диди ҳақидаги баҳс-мунозараларга бой бўлган тадбир иштирокчиларига катта таассурот қолдирди.

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши 

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!