Китоб доимий дўст – доимий ҳамроҳ

Ташрифлар: 59

Сана: 20.02.2017 16:51

Инсон тафаккурини юксалтириш, онгу шуурига эзгулик уруғини сочишда китобнинг ўрни беқиёс. Шу боисдан бугун давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партиялар томонидан навқирон авлодни баркамол этиб тарбиялаш, ёшлар ва аҳолининг кенг қатламлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Чиноз туман Кенгаши томонидан Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида “Китоб — тафаккур хазинаси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари масъул ходимлари, Тошкент вилояти Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, туман маънавият – маърифат маркази ходимлари, партия фаоллари ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, ушбу фармойишда белгилаб берилган вазифалар ижроси замирида китоб ёзиш, чоп этиш, тарғибот қилиш, ўқиш ва ўрганишдек улкан мақсадлар мужассам. Зеро, юксак маданиятли ёш авлодни улкан маънавий қадриятлар асосида тарбиялашдек эзгу ишларда мазкур ҳужжат муҳим асос бўлади. 

– Инсон тафаккурининг мунаввар чироғи, чинакам мўъжизалардан бири бўлмиш китоб ақлни чархлайди, фикрни бойитади, маънавиятни юксалтиради,  – дейди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мирза Каримов. – Китоб ўқиган кишининг эътиқоди мустаҳкамланиб, дунёқараши кенгайиб боради, эстетик диди тарбияланади. Бола қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларга меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришнинг энг таъсирчан воситаси китобдир. Чунки ёшларимиз, алломаларимиз қолдирган бой маънавий-адабий меъросларидан баҳра олиб, маънавиятли, маърифатли, маданиятли авлод сифатида улғаймоқда.

Ҳақиқатдан ҳам, китоб — тафаккур қаноти, бу қанот қанча мустаҳкам бўлса, юксак кенгликлар сари интилишдан толмайди. Китоб, асар сўзи замирида бадиият ётади. Бадиият инсоннинг тасаввур оламини кенгайтириб, фикрлашга ундайди.

– Китоб – яхши дўст, – дейди Тошкент вилояти Чиноз туман хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг ўқувчиси Фотима Дустқулова. – Чунки китоб бизга тенги йўқ мўжизалар ҳадя этади. Тўғри йўлни танлашда, мустақил фикримизни шакллантиришда муҳим воситачи бўла олади. У ҳеч қачон  инсонларни жаҳолатга етакламайди. Шунинг учун ҳам жамиятни, маънавий муҳитни яхши ва фойдали китобсиз, китобхон ва кутубхонасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, китобдан билим, завқ-шавқ ва баҳра олиш одамнинг ботинини, руҳини тозалайди.

Тадбирда китоб кўргазмалари ташкил этилиб, буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ёд олиб, шеърхонликда фаол иштирок этган ёшларга маънавият хазинаси-китоблар тақдим этилди.

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!