Китобхонлик маданияти – маданиятлар мағзидир

Ташрифлар: 105

Сана: 15.03.2017 15:02

Маълумки, жамиятни, маънавий муҳитни яхши ва фойдали китобсиз, китобхон ва кутубхонасиз тасаввур қилиб бўлмайди.Чунки минг йиллик маънавий мулкни жамлаган кутубхоналар жамиятнинг кўрки саналади. Зеро, китоблар ҳар қандай мавзуда бўлишидан қатъий назар фақат ва фақат яхшиликка  хизмат қилади.

Шу асосда  O‘zLiDeP Сирдарё  вилоят  Кенгаши томонидан Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида “Биз севган қаҳрамон” мавзуида шеърият кечаси ўтказилди.

Унда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари масъул ходимлари, Сирдарё вилояти Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, вилоят маънавият – маърифат маркази ходимлари, партия фаоллари ҳамда хотин-қизлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан китобхонлик маданиятини шакллантириш масаласи кун тартибига бежиз қўйилмади. Бунинг негизида китобни билиб танлаш, англаб ўқиш, ўқиб амал қилиш туради. Бинобарин, китобдан олинган баҳра кўз-кўз қилинмасдан руҳиятни тозалаш, тўйинтириш ва нурлантириш учун йўналтирилиши лозим.

 – Китоб бозори кенг китобхонлар оммаси орасидаги ҳар қандай дид-савия эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади, – дейди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Аёллар билан ишлаш бўлими мудири С.Бабаева. – Бироқ тез ва кўп сотиладиган китоб қанчалик сероб бўлса, суст ва оз сотиладиган китоблар ҳам шунчалар қадрланади, эъзозланади. Чунки китобхонларнинг умумий савиясини, асл ижодкорнинг маҳорати даражасини айни шу суст ва оз сотиладиган адабиётлар белгилаб беради. Айни вақтда партиямиз томонидан ўтказиб келинаётган тарғибот-ташвиқот ишларидан кўзланган мақсад ҳам ёшлар ва хотин-қизларда китобга бўлган муҳаббатни кучайтиришдан иборат. Зеро, китоб доимий дўст, доимий ҳамроҳдир.

Тадбирда шеъриятга қизиқиши баланд хотин-қизлар ўзларининг ижод намуналаридан парчалар ўқишди.

 O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!