Китобхонлик маданиятини юксалтириш йўлида

Ташрифлар: 13

Сана: 20.02.2017 17:03

Навоий вилоятида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Китоб – тафаккур қанотидир” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари вилоят, шаҳар Кенгаши депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, олий ўқув юрти ҳамда академик лицей талабалари иштирок этди.

Тадбирда  келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ва тарбиявий аҳамиятга эга адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давра суҳбати доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маъданият ходими, таниқли адиб Ҳамдам Эшонқуловнинг “Оқтов ҳикматлари” номли китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

– Интернет ва бошқа коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бугунги кунда ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш энг долзарб  вазифалардан саналади, – дейди Ҳамдам Эшонқулов. – Чунки ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, аввало, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Тўғриси, кўп тадбирлар, ижодий кечалар, давра субатлари-ю, очиқ мулоқотларда қатнашганман, лекин бугунгидек тадбирни ҳеч гувоҳи бўлмаганман. Бугунги тадбирда ўғил-қизларнинг менинг тақдимот қилинаётган китобимга бўлган қизиқиши, муҳаббатини кўриб, тўғриси ниҳоятда хурсанд бўлдим. Демак, шуни хулоса қилишим мумкинки, партия нафақат тадбиркор ва ишбилармонларни, балки жамиятимизнинг барча тоифаларини қўллаб-қувватлайди!

– Китобхонлик маданияти табиий равишда ўзгарувчан, тобланувчан ҳодисадир. Унинг ўзгарувчанлиги давр, замон ва макон билан чамбарчас боғлиқ, – дейди филология фанлари доктори, профессор Абдуҳамид Холмуродов. – Бугунги тадбирда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизимини такомиллаштириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техник базасини янгилаш, энг муҳими, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш ва мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида аҳамият берилди. Бугун фаровон, гўзал ва тўкис яшаш учун инсон ўтмиш ва келажакни билишга, англашга эҳтиёж сезади – бунга ҳам фақат мутолаа орқали эришади. Зеро, бугунги китобхонлик маданияти мезонлари мазкур тушунчалар доирасида гавдаланади.

Тадбирда ёшларда китобга меҳр уйғотиш, мутолаа кўникмасини ҳосил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ахборот-ресурс марказлари ва мактаб кутубхоналари ходимларининг ўқувчилар билан ишлаш борасидаги мажбурият ва масъулиятини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди. 

Жўрабек АСЛОНОВ,

O‘zLiDeP  Навоий вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!