Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш устувор вазифа

Сана: 26.12.2016

Бугун мамлакатимиздаги 132 фармацевтика корхонаси томонидан 2 минг турдан ортиқ дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш бўйича халқаро нормалар ва ривожланган давлатлар қонунчилигига мослаштирилган қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.

Ўзбекистонда 2021 йилгача янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир умумий қиймати 223,9 миллион долларга тенг 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Ушбу ҳудудий лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган 162 та янги дори воситаларини мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва уларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини беради.

 O'zLiDeP Қўнғирот туман Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳиятини аҳоли орасига тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган тадбирда айни масалалар кун тартибидан ўрин олди.  

–Ўзбекистонда ташкил этилган фармацевтика саноати муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ва жадал ривожланмоқда, – дейди O'zLiDeP Қўнғирот туман  Кенгаши БПТ консультанти Зухра Асемова.– Мамлакатдаги 132 фармацевтика корхонасида 2 минг турдан ортиқ дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилаётгани ҳам бунинг тасдиғидир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши эса ички бозорни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан янада тўлиқ таъминлаш, нарх белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмини жорий этиш ҳамда аҳолининг саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, бугун мамлакатимиз ҳудудида 8 минг 472 та  хусусий дорихона ва уларнинг филиаллари, шунингдек, "Дори-дармон" акциядорлик компанияси тизимига кирувчи 1 минг 437 дорихона фаолият кўрсатмоқда.  

Ўтказилган тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олдилар.      

O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!