Юксак эътибор ва рағбатни ҳар бир хотин-қиз дилдан ҳис этмоқда

Ташрифлар: 171

Сана: 21.04.2017 18:02

“Бегжап” овул фуқаролар йиғинида яшовчи С.Айтимбетова Шўманой педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси. Болаликдан тадбиркорликка қизиқиши баланд бўлган қизнинг нияти маҳалла эҳтиёжидан келиб чиқиб, кичкина тикув цехини очиш. 

–Ёшлигимдан тикувчиликка қизиқаман, – дейди у. – Айниқса, турли хилдаги кийим-кечаклар ишлаб чиқариб, уларни ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш катта орзуйим. Тўғри, тикиш-бичиш сир-асрорлари биламан, лекин бизнес лойиҳа тузиш, кредит турлари, солиқ ставкалари ҳақида тушунчам йўқ. Аммо Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Аёллар қаноти” томонидан “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида ўтказилган семинарда малакали мутахасислар томонидан тадбиркорликнинг бошланғич билимларини ўргандик, сиёсий билимларимизни янада бойитдик.

O‘zLiDeP Шўманой туман Кенгаши томонидан ташкил этилган семинарга касб-ҳунар коллежи битирувчилари, маҳаллалардаги иш билан банд бўлмаган, уйда ўтирган хотин-қизлар жалб этилиб, касаначилик, ҳунармандчилик, тикувчилик, қандолатчилик ва томорқачилик йўналишлари бўйича билимлари бойитилди.

– Семинардан кўзланган мақсад партиянинг ғоявий дастур ва мақсадларини жойларда тарғибот этиш, партиявий лойиҳаларнинг аҳамиятини хотин-қизларга кенгроқ тушунтириш, айниқса, коллеж битирувчиларини тадбиркорлик бўйича қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Аёллар билан ишлаш бўлими мудири Асем Сиримбетова. – Шу нуқтаи назардан семинар иштирокчиларига малакали мутахассислар томонидан юртимизда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар, солиқ имтиёзлари, ҳуқуқий кафолатлар тизими ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, ҳозирча бу каби тадбирлар яхши натижа бераяпти, муҳими, хотин-қизларимиз бундан жуда мамнун.

 Бугун кўпчилик хотин-қизлар ўз мақсалаларига партия кўмагида эришмоқда, бандлиги таъминланмоқда, орзу-мақсадлари рўёбга чиқмоқда. Эътиборли жиҳати,  партия лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ,  ишбилармон хотин-қизлар сафи ортиб, улар кириб бораётган соҳалар қамрови кенгаймоқда.            

  O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!