Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда

Сана: 10.01.2017

O‘zLiDeP Кегейли туман Кенгаши томонидан ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.  

Тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори миллий адабиётимиз ва маънавиятимизни юксалтириш, ижодкорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасидаги юксак эътибор ифодаси эканини, атоқли шоиримиз ижоди ва унинг адабиётимизда тутган ўрни, ҳамиша ёш авлодни янгича тафаккур билан яшашга ундашдаги аҳамияти таъкидланди.

– Мустақиллик йилларида Эркин Воҳидов давлатимизнинг маънавий асосларини яратишда фаол иштирок этди, – дейди O‘zLiDeP Кегейли туман Кенгаши аппарат раҳбари Байрам Искандаров. – Бу жиҳатлар унинг ижодий ва ижтимоий фаолиятида ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари минглаб оилаларга, миллионлаб қалбларга кириб борди.

–Эркин Воҳидовни шоир сифатида ёд олганимизда у кишининг классик адабиётимизнинг минг йиллик гўзал ва бой анъаналарини ҳозирги даврда янги поғонага кўтараётган фалсафий шоир кўз ўнгимизда намоён бўлади, – дейди  “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Б.Саманов. – Айниқса, у кишининг қолдириб кетган буюк бой мероси асарлари ва шеърларининг туб тагида инсонга бўлган, Ватанга бўлган муҳаббат туйғуси акс этганлигини кўриш мумкин. Шу боис орадан йиллар, асрлар ўтса-да атоқли шоирнинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда ўзига хос мактаб бўлиб қолаверади.

Тадбирда шоирнинг “Манфаат фалсафаси”, “Сен менга тегма”, “Мажлис қилинг”, “Дониш қишлоқ латифалари” каби шеърлардан парчалар ўқилди.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!