Инсон ва унинг қадр-қиммати Конституциямизнинг асоси

Сана: 09.12.2016 15:50

Қорақалпоғистонликлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигини катта шодиёна билан нишонлашмоқда.  Аҳолининг шодлиги, қувончи, кўтарингки кайфияти Тахтакўпир, Қораўзак, Қўнғирот, Шўманой, Чимбой, Тўрткўл ва Нукус шаҳарларида “Жамият ва давлатни бошқаришда Бош қомусимизнинг аҳамияти” шиори остида ўтказилган байрам тадбирларига ўзгача руҳ бағишлади.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирларда туман ҳокимияти, партиянинг туман кенгаши фаоллари, туман Кенгаши депутатлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамот фонди туман бўлими вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини, жамиятимиз тараққий этишида юксак аҳамиятга эга эканлигини, сўнгги йилларда Кноституциямизга киритилган ўзгартишлар, янги қабул қилинган Президент Фармон ва қарорлари, қонунлар билан аҳолини яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирлар давра суҳбатлари тарзида ўтказилганлиги, аҳолини эркин фикрини баён этишга, мулоқотга чорлади.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда Бош қомусимизга киритилган ўзгартишлар жамиятимизни ислоҳ этиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва тубдан ўзгартишни назарда тутиб, жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган давлатни қуришда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганлигини, мамлакатимизнинг кундан-кунга ривожланиб бораётганини кўриш мумкин.

— Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги  “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” номли маърузасини ўзгача ҳаяжон ва қувонч билан тингладик, - дейди O’zLiDeP Шўманой туман Кенгаши аппарат раҳбари Баҳадир Даўлетмуратов. — Унда Конституциянинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби муҳтарам Ислом Каримовнинг хизмати беқиёс эканини таъкидланиб, Бош қомусимизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилгани алоҳида таъкидланди. Айниқса, 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши бизларни тўлқинлантириб юборди. Президентимизнинг аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор, деган сўзлари нафақат давлат идоралари вакилларини балки, шу юртнинг фарзандиман деган ҳар бир инсон учун яна бир карра масъулият юклайди.

Шунингдек, тадбирларда эртамиз эгалари бўлмиш ёшларимизни таълим-тарбия, касб-ҳунар сирларини эгаллашлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари йўлида тизимли ишларни амалга ошириш масалалари хусусида ҳам фикрлар билдирилди.

Асем Сиримбетова,

  O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати раҳбари.

95