Соғлигимиз – бойлигимиз

Ташрифлар: 37

Сана: 12.01.2017 15:29

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашганда қуйидаги сўзларни таъкидлади: “Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур.

Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир. 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади”. 

Мустақил мамлакатимиз истиқлолнинг чорак асри мобайнида тиббиёт тизимини такомиллаштириш борасида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришди.  Айниқса, қишлоқларда замонавий, ишончли, самарали, илғор тиббий хизмат муассасалари яратилгани нур устига нур бўлди. Қишлоқ аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни тубдан яхшилаш имкониятига эга бўлган қишлоқ врачлик масканлари “Саломатлик” дастури бўйича жиҳозланди. Уларда аҳолининг барча тоифаларига замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш қобилиятига эга умумий амалиёт шифокори ва ҳамширалар ишламоқда.

Туманимиздаги 11 та ана шундай қишлоқ врачлик масканлари аҳолига сифатли ва юқори даражадаги тиббий хизмат кўрсатмоқда. Барча муассасалар тегишли давлат дастури ва лойиҳалар асосида босқичма-босқич энг сўнгги русумдаги ташхис ва даволаш аппаратлари, лаборатория ускуналари ва  бошқа жиҳозлар билан таъминланди. Бу ишлар ҳудудий манзилли дастурлар бўйича давом эттирилмоқда. Тизимимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини олис қишлоқлар, ҳатто яйлов ҳудудларида қурилган замонавий шифо масканлари мисолида яққол кўрса бўлади. Барча ёшдаги аҳоли саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз бу иш савия­сини жаҳондаги энг юқори андозалар даражасига кўтаришимиз кераклигини алоҳида таъкидлаб, бу борада қимматли маслаҳатлар берди.

Айниқса бирламчи тиббий бўғинга изчил эътибор берилаётгани таҳсинга лойиқ. Қишлоқ врачлик пунктларининг замонавий тиббий жиҳозлар, УЗИ, ЭКГ, вақтинча сунъий нафас олдириш аппарати билан таъминланиши бир вақтлари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган эди. Бу қулайлик ташхис қўйиш ва даволаш, профилактик тадбирларни амалга оширишда янги имкониятлар эшигини очиб берди. Энг аввало кексалар, болалар, ўсмирлар, аёллар ўртасида профилактик мақсадли тиббий кўрик ўтказиш, замонавий патронаж йўлга қўйилмоқда. “Соғлом она – соғлом фарзанд” тамойилига мувофиқ, оила саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш бўйича салмоқли натижага эришдик. Туғиш ёшидаги аёллар саломатлиги доимий назоратга олиняпти. Қишлоқ врачлик пунктларимиз “Саломатлик – 2” лойи­ҳаси доирасида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани улар фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Бу ерда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Туғиш ёшидаги аёллар тўлиқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада эрта ҳомиладорликнинг олди олинмоқда. Энг асосийси халқимизнинг сиҳат-саломатлиги кун сайин мустаҳкамланиб бормоқда.

Рамиза САПАРНИЁЗОВА,

Қораўзак туман

Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи,

2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!