Орамизда нетаголиклар борми?

Ташрифлар: 212

Сана: 19.04.2017 14:55

Агар сизда:

- ўзингиз сезмаган ҳолда тез-тез e-mailни текшириш;

- Интернет тармоғида ишлашни орзу қилиш;

- кўп вақтингизни ижтимоий тармоқларда ўтказиш ва яқинларингиздан бу ҳақида эътирозлар эшитиш;

- Интернетда ишлаш ёки компьютер қурилмалари учун ҳаддан ташқари кўп маблағ сарфлаш, иш давомида кофе ёки психостимуляторларни кўп истеъмол қилиш каби ҳолатлар кузатиляптими?

Америкалик олим Кимберли Янгнинг фикрига кўра бундай аломат (симптом)нинг пайдо бўлиши нетаголик яъни Интернетга тобеликнинг бошланишидан дарак экан.

Айрим инсонларда тармоқларга боғланиб қолиш оқибатида компьютер олдидаги эйфория (ҳақиқий аҳволга мос келмаган ҳолда кайфиятнинг кўтаринки бўлиши) ёки ўзини яхши ҳис этиш, оила аъзолари, яқинлари, дўстлари ва касбдошларини менсимаслик, компьютердан узоқлашиш билан ҳафсаласизлик, депрессия, ғазабланиш ҳолатларини вужудга келиши, иш берувчилар ва оила аъзоларига ўз кунлик меҳнат фаолияти ҳақида ёлғон маълумотлар бериш каби салбий ҳолатлар юзага келиши кузатилган.

Ғарблик мутахассислар жаҳон тармоғига боғланиб қолишни “XXI аср касаллиги” дея, таъриф беришмоқда.

 Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Нукус туман Кенгаши томонидан “Хавфсиз интернет” лойиҳаси доирасида ташкил этилган давра суҳбатида Интернетдан тўғри фойдаланиш, унга тобе бўлиб қолишдан сақланиш ҳамда ундаги маълумотларни қабул қилиш маданиятини ёшларда шакллантириш масалалари ёшлар иштирокида атрофлича муҳокама этилди.

Интернетга тобелик қандай ёш даврида ва қандай муддатда шаклланади? Деган савол иштирокчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

—Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра Интернетга тобеликнинг шаклланиши қисқа давр ичида вужудга келади, - дейди O‘zLiDeP Нукус туман Кенгаши раиси ўринбосари А.Хожаназаров. – Ҳозирги кунда Интернетдан фойдаланувчиларнинг 10 фоизи мазкур касалликка чалинган экан. 1990-2000 йиллар оралиғида бу хавфга 16-35 ёшдаги оила қурмаган эркаклар ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлмаганлар тўқнаш келга бўлса, ҳозирда бу ёш анча ёшарган. Ёш оралиғи 12-40, аёл ва эркаклар сони ўртасидаги тавофут деярли сезилмайди. Энг ачинарлиси, улар орасида олий маълумотлиларнинг сони кескин ортган. 

Ёшларнинг айтишича Интернетга тобелик жамиятга, қолаверса инсонга салбий таъсири жуда катта. Масалан, иш сифати ва унумини пасайтиради, ахборот технологияларидан самарасиз ва ўринсиз фойдаланишга олиб келади, виртуаль мулоқатлар – реал мулоқатларни чегаралайди, молиявий қийинчиликлар – оилалар ва ташкилотларнинг фаолиятини бузади, жамиятда ўзининг «ёпиқ» оламига мавжудлар ҳамда турли физиологик ва психологик ҳасталикларга чалинганлар сони ортиб боради.

Мунозараларда қайд этилганидек, ҳозирда Интернетга тобеликдан даволанишнинг универсал усули йўқ, аммо махсус марказларда ўтказиладиган суҳбатлар, консультациялар, тренинглар, психотерапия усуллари “ҳасталикни” босқичма-босқич бартараф этиш имконини беради.

Тадбирда ёшлар Интернетга тобеликни олдини олиш ва қутилиш учун интернетнинг on-line мулоқот тизимини бутунлай беркитиб ташлаш, Интернетда ишлаш ҳохиши пайдо бўлганда, бу ҳоҳишни бошқа фаолиятга буриш, жумладан, спорт билан шуғулланиш, газета ўқиш, дўстлар ва оила аъзолари билан мулоқот қилиш каби таклифларни илгари суришди.

— Бу ҳолатда инсондан ахборот билан тўғри ишлаш талаб этилади, - дейди O‘zLiDeP фаоли Фурқат Юсупов. – Қабул қилинаётган ахборотнинг манбааларига эътибор қаратиш, ахборотларни таҳлил қила олиш каби талабларни бажариш орқали биз фойдаланувчиларни ахборотлаштириш ва компьютерлаштиришнинг турли салбий оқибатларидан сақлай олишимиз мумкин.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши 

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!