Қулай бизнес муҳити – фаровонлик манбаи

Ташрифлар: 12

Сана: 14.03.2017 17:49

Жиззахда “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекситон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят адлия, солиқ, статистика, божхона бошқармалари, тижорат банклари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбарлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш ва улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. 

Ушбу ҳужжат ижроси дорасида амалга оширилаётган ишлар жойларда янги иш ўринлари яратиш, маҳсулот тури ва ҳажмини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. 

Бироқ ҳудудларда бу борада ҳамон камчилик ва хатоларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, Жиззах вилоятида ўтган йили 1 минг 550 тадбиркорлик субъекти ташкил этилган, 1 минг 382 таси ўз фаолиятини тугатган. 

Фаолиятини вақтинча тўхтатган ёки тугатаётган тадбиркорлик субъектларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи фаолият олиб бораётир. Тадбирда ишчи гуруҳи аъзолари тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр алмашди. 

– Кичик бизнес субъектлари фаолиятининг тугатилиши ёки тўхтатилиши сабабларини таҳлилий ўрганиш ҳудудлардаги бозор иқтисодиёти инфратузилмаси институтлари ишларини янги талаблар асосида қайта мувофиқлаштириш лозимлигини кўрсатмоқда, – дейди партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари В.Норбоев. – Ушбу талаблардан келиб чиқиб, бугунги тадбирда тижорат банклари, консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг ва суғурта институтлари фаолиятини ривожлантиришнинг устувор масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар томонидан бу йўналишдаги фаолиятни янада яхшилаш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар амалга оширилиши ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади. 

ЎзА
 
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!