Қуйи бўғин ташкилотлардан энг муносиблари делегатликка сайланмоқда

Ташрифлар: 87

Сана: 22.09.2016 16:47

Айни кунларда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қонун ҳужжатлари ҳамда Асосий тадбирлар дастурига мувофиқ, қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Айниқса, бу жараёнда мамлакатимиздаги сиёсий партиялар фаол иштирок этиб, ўз номзодларини илгари сурмоқда. Зеро, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир.

 Шу маънода, бугун жойларда мазкур сайловни кўтаринки ва уюшқоқлик руҳида ўтказиш, сиёсий жараёнларда ҳар бир фуқаронинг ўз позициясини эгаллашига ундаш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилмоқда. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ айни кунларда ҳудудларда бошланғич партия ташкилотларининг умумий йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.Унда партия туман ва шаҳар ташкилотларининг навбатдаги конференцияларига делегатлар сайланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик масалалари атрофлича муҳокама қилинмоқда.  

Жиззах вилоятидаги “BAGIRA TEX" МЧЖ қошида фаолият юритаётган қуйи бўғин ташкилотида ташкил этилган умумий йиғилишда айни масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, партия туман Кенгаши Конференциясига делегат сайланди.

O‘zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши бошланғич ташкилотлар билан ишлаш бўйича бош консултанти Алишер Солиев айни кунларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида партия ташкилотларининг умумий йиғилишлари ўтказилаётганлиги, шу йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш жараёнида таянч тузилмалар зиммасидаги долзарб вазифалар, айниқса, ҳар бир аъзонинг партиявий масъулиятини кучайтириш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг жорий йил 16 сентябрда бўлиб ўтган мажлисида партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига партия Сиёсий Кенгаши аъзоси Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш таклифи илгари сурилганини тумандаги барча партия электорати вакиллари ва хайрихоҳлари ҳам маъқуллаётганини қайд этишди.

Эътиборли жиҳати, партия ҳудудий ташкилоти масъулларининг маълум қилишича, ушбу ҳафта давомида вилоятдаги 530 та қуйи бўғинларнинг барчасида умумий йиғилишлар ўтказилиб, партия туман ва шаҳар Кенгашлари конференцияларига делегатлар сайланади.Сиёсий кампания жараёнида партиянинг барча бўлимлари ва бошланғич партия ташкилотларида тегишли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ҳам уюштирилади.

O‘zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!