Масъулиятли меҳнатни ўз зиммасига олган “Ёш фермерлар”

Ташрифлар: 11

Сана: 15.12.2016 16:24

— Саҳий она еримиз бағрида униб, халқимиз дарстурхонини тўлдириб турган нозу-неъматларни етиштириш осон иш эмас, - дейди “Ёш фермер” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи иштирокчиси “Қўчқорбобо” фермер хўжалиги иш юритувчиси Камол Худоёров. —Ҳар бир ишнинг ўзига ҳос машаққати ва масъулияти бор. Мана шундай масъулиятли меҳнатни ўз зимамизга олиб, юртимиз бозорларини арзон, сифатли ва энг асосийси калорияга бой маҳсулотлар билан тўлдиришда ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан фахрланамиз.

Ана шундай кўкси фахр туйғусига тўла, меҳнатсевар ёшлар бухорода кўплаб топилади. Айниқса, ҳар бир кунини, келажагини олтин заминимиз билан боғлаган, ер эгаси сифатида қишлоқларни янада обод қилишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ёшларни ишонч билан эртамизнинг чинакам эгалари дея айта оламиз.

Партия томонидан ўтказиб келинаётган “Ёш фермер” кўрик-танловининг вилоят босқичида мана шундай ёшлар ўзаро беллашди.

Танлов доирасида ташкил этилган “Кўп тармоқли фермер – давр талаби” мавзуидаги амалий семинарда интеллектуал салоҳиятли, юртимизнинг эртанги куни тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган ёш мутахассисларнинг давлат ва жамият ривожининг турли тармоқларида иштирокини таъминлаш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат соҳаларида ўсиши учун имконият яратиш O‘zLiDePнинг дастурий вазифаси эканлиги таъкидланди.

Ноанъанавий усуллар асосида ўтказилган семинарда O‘zLiDeP Олот тумани Кенгаши раиси ўринбосари Б.Оққиев бугунги кунда аграр соҳада билим олаётган ёшлар томонидан қишлоқ хўжалигига янги инновацияларни жорий этиш, маҳсулотларни интенсив усулда етиштириш, янги техника ва технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш борасида қатор ютуқларга эришилаётганлиги, соҳага замонавий инновациялар кириши тезлашиб бораётганлиги ҳамда уларни бошқаришда ёшлардан умид катта эканлигини алоҳида таъкидлади.

Кўрик-танловда ёшлар фермер хўжаликлари фаолиятига бағишланган тақдимот ва истиқболдаги режаларини слайдлар орқали намойиш этишди. Шунингдек, соҳага оид савол-жавоблар билан энг иқтидорли ёш фермерлар саралаб олинди.

Қизғин бахс-мунозараларга бой кечган танлов натижаларга кўра  Ромитан туманидаги “Қўчқорбобо” фермер хўжалигининг иш юритувчиси Камол Худоёров 1-ўрин, Шофиркон туманидаги “Шарифбобо - 2002” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Умарбек Юсупов 2-ўрин ҳамда Вобкент туманидаги “Ўткирбек” фермер хўжалиги раҳбари Ўткирбек Ражабов 3-ўринга муносиб топилиб, танловнинг Республика босқичига йўлланма берилди.

O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!