O`zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган очиқ мулоқот

Ташрифлар: 237

Сана: 28.12.2016 17:19

Бугунги кунда мамлакатимизда юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни миллий ва умуминсоний қад­риятлар руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шундай экан, юртимиз тараққиёти тақдирини маънавий жиҳатдан етук, иродаси бақувват, имони бутун, замонавий фикрлайдиган, юксак салоҳиятли, баркамол авлод ҳал этади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида фарзандларимизнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтириш билан боғлиқ вазифалар, асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримиз, аждодларимизнинг бой маънавий меросига таянган ҳолда “оммавий маданият” кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳвандлик, диний экстремизм, миссионерлик каби бало-қазолардан ёшларимизни асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Бу масалада оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш баробарида кейинги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда ўрни ва роли ошиб бораётган жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллигини ошириш долзарб аҳамият касб этади.

Ёшларимиз ўртасида ҳуқуқий маданият, соғлом турмуш тарзини, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга қаратилган ишларнинг самарасини ошириш борасида бир қатор ғоялар илгари сурилади. Хусусан,  бу борадаги давлат сиёсатини янги қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун талаблари асосида давом эттириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш, ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини камол топтириш, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини янада юксалтириш каби кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган бу каби устувор вазифаларни амалга оширишда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти”дан ҳам катта масъулият ва ташаббускорликни талаб қилади.

Бу каби вазифаларни ҳаётга кенг тадбиқ этиш мақсадида O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури ҳамда мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқиб, партия “Ёшлар қаноти” фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда парламент қуйи палатасидаги партия фракцияси аъзолари, “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳамда экспертлар иштирок этди.

Тадбир партиянинг ёшлар билан ишлаш йўналишини янада кучайтириш, унинг азму шижоатли, ташаббускор йигит-қизларни ўз атрофида бирлаштиришга қаратилган фаолиятини жонлантириш, бунда ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишларга таҳлилий ёндашиб ва шу аснода келгусида ёшларимиз орасида “Ёшлар қаноти”нинг нуфузи ва таъсирини ошириш, уларнинг ҳар томонлама ишончини қозониш, манфаатларини ҳимоя қилиш, бугунги кундаги энг муҳим долзарб вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди. 

Тадбир иштирокчилари ёшларнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, замонавий иш жойлари яратиш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашини энг устувор вазифа сифатида давр талаби даражасига кўтаришга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, ҳудудларда “Ёшлар қаноти”ни янада кучайтириш юзасидан ёшлар орасида ўтказилган сўровларнинг якунлари муҳокама қилиниб, энг муҳим йўналишлар белгилаб олинди. Тадбир иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ёшлар маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида бир қатор таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Очиқ мулоқот иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар интерфаол усуллар орқали тақдимот қилиниб, унинг якунлари бўйича партия “Ёшлар қаноти”нинг 2017 йилга мўлжалланган Ҳаракат дастури ишлаб чиқилди.

O`zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!