“Мулкдор оила-2015” лойиҳаси давом этади

Ташрифлар: 9

Сана: 17.02.2015 12:25

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида унинг ҳамкорлари - Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, “Микрокредитбанк”, “Агробанк”, “Инфинбанк” АТБлар, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Ўзбеклизинг Интернейшинал А.О” ҚК вакиллари иштирокида мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг турли қатламларини оилавий тадбиркорликка жалб этишга қаратилган “Мулкдор оила-2015” лойиҳасини жорий йилда самарали ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида лойиҳани янада самарали ташкил этиш бўйича фикрлар алмашилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан, жойларда, асосан чекка ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда мавжуд, лекин етарлича эътибор қаратилмаётган имконият ва ресурсларни ҳаракатга келтириш, улардан унумли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Йиғилишда 2014 йилда мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, май-июнь ойида бўлиб ўтган туман босқичларида деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларга асосланган оилавий тадбиркорлик субъектлари ҳамда ўз бизнесини бошламоқчи бўлган 3723 нафар талабгор иштирок этди. Улардан 975 нафари 30 дан зиёд йўналишда лойиҳанинг вилоят босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритган бўлса, пировардида 760 нафар иштирокчининг умумий қиймати 18 млрд. 445 млн. 250 минг сўмлик бизнес-режалари молиялаштириладиган бўлди. Яъни, уларга имтиёзли банк кредитини олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Бугунги кунда банклар томонидан 422 нафар лойиҳа иштирокчиларига 8 млрд. 290 млн. 687 минг сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Йиғилишда ана шу кўрсатгичларни янада юқорига кўтариш ва уларнинг самарадорлигини ошириш масалалари ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан бевосита келишиб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, миллий бизнес тараққиётига камарбасталикни англатувчи мазкур лойиҳаларнинг амалий самарасини юқоридаги қисқача қиёслардан ҳам кўриш мумкин. Демак, уларнинг қамровини янада кенгайтириш сайловчилар ишончини оқлаш йўлидаги залворли одимлар десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.