Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида

Ташрифлар: 155

Сана: 11.08.2017 18:07

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 августдаги ПФ-5148-сон фармони

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва матбаа фаолиятини ривожлантириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасида 10 дан зиёд қонун ва 150 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, соҳада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.

Бугунги кунда юртимизда 1991 йилга нисбатан оммавий ахборот воситалари қарийб 4 мартага, нашриётлар 13 карра ва матбаа корхоналари 12 баробарга кўпайиб, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти сезиларли даражада яхшиланди.

Айни вақтда оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар фаолиятини мувофиқлаштириш, бу тармоқда миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, мамлакатимиз миллий медиа майдонида соғлом рақобат муҳити, замонавий ахборот хизматлари бозорини шакллантириш, жойларда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари долзарблигича қолмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, матбуот ва ахборот соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ва соҳага оид масалаларни ҳал этиш ваколати берилган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ўзига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва самарали амалга оширмаётгани боис бозор муносабатлари шароитида оммавий ахборот воситаларига услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ишини принципиал жиҳатдан кузатиш, баҳолаш, таҳлил қилиб бориш, зарур ҳолларда қўллаб-қувватлаш ёки иқтисодий, ҳуқуқий чораларни қўллаш каби амалий механизмларнинг таъсири деярли сезилмаяпти.

Бунинг оқибатида оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар томонидан ўзининг низом талабларига тўғри келмайдиган, миллий қадриятларимизга зид, ғоявий ҳамда матбаа сифати паст маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатга олиш, ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш бўйича тегишли талаб ва нормативлар ахборот бозорининг бугунги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилмаган.

Бундай ҳолатларга нисбатан тегишли чораларни қўллаш масаласида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг роли ва таъсири деярли сезилмаяпти.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари, ноширлик ва матбаачиликни янада ривожлантириш, замонавий ахборот бозорини шакллантириш ҳамда ахборот-кутубхона фаолияти борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида:

1. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик деб юритилади) оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи этиб белгилансин.

2. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунчилик ижросини таъминлаш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятида қонун ҳужжатлари, давлат ва тармоқ стандартларига риоя этилиши, сўз ва ахборот эркинлиги кафолатларига риоя этилиши борасида мониторинг ва назоратни амалга ошириш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот соҳасидаги хуруж ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда иштирок этиш;

китоб тарғиботи орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, китобхонлик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нашрларнинг чоп этилиши бўйича мақсадли дастурларни тайёрлаш ва ижросини ташкиллаштириш;

хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китоб маҳсулотларининг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш;

мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларининг ахборотларни тайёрлаш, тарқатиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ
ва манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашиш;

мулкчилик шаклидан қатъий назар, оммавий ахборот воситалари учун медиа бозорида тенг шароитлар яратиш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқиш;

ноширлик ва матбаачилик йўналишидаги техник-технологик базани ривожлантириш, уларни замонавий жиҳатдан янгилаш, стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида миллий ва халқаро танловлар, кўргазма-ярмарка ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил этиш;

матбуот ва ахборот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳаларида тегишли минтақавий, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

3. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини Агентлик таркибига ўтказиш;   

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги муассислигидаги “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталари ҳамда “Гулхан” ва “Ғунча” журналларини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфига тўлиқ ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, белгиланган тартибда киритсин.

5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида” 2002 йил 3 июлдаги ПФ–3103-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
          Президенти                                                                               Ш.Мирзиёев

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!