Муаммолар ечим топмоқда

Сана: 22.12.2016

Самарқанд туманида фаолият юритаётган “Жилои Малика” корхонаси раҳбари Малика Тажибаева пиллачилик корхоналаридан қарзини ундиролмагач,  Бош вазирнинг электрон қабулхонасига мурожаат қилди.

– Натижада бошқа пиллачилик корхоналаридан 423 миллион 492 минг 650 сўм қарзни ундириш бўйича вилоят адлия бошқармаси томонидан хўжалик судига даъво аризаси киритилди ва маблағларимиз тўлалигича ундирилди, – дейди Малика Тажибаева. – Энг муҳими, қарздор ташкилотлардан асосий қарз билан бирга неустойка ҳам ундириб берилди.

O‘zLiDeP вилоят Кенгашидаги виртуал қабулхонага келиб тушаётган хат ва мурожаатлар сентябр ойида жами 15 тани ташкил этган бўлса, ноябрда 300 тадан ошди, – дейди партия вилоят Кенгашида ташкил этилган Бош Вазир қабулхонаси бош консультанти Бахтиёр Мустафоев. – Улар коммунал, пенсия тўловлари, тадбиркорларни қийнаётган масалаларга оиддир. Мурожаатлардан кўринадики, баъзи жойларда тадбиркорларга нисбатан тўсиқлар оз бўлса-да, учраб турибди. Жумладан, Жума шаҳридан Ҳамза Имомов “Коммунал сервис Шерзод” корхонаси учун ҳисобрақам олиш мақсадида Пастдарғом туманидаги бир нечта тижорат банкларининг филиалларига қилган мурожаатлари натижа бермагач, виртуал қабулхона  орқали муаммосига ечим топди.

Шунингдек, Ургут тумани “Қоратепа” қишлоқ фуқаролар йиғини Омонқўтон маҳалласида яшовчи Ҳуснора Алиқулованинг ишга жойлашиш бўйича мурожаати ҳам ижобий якун топди. Ҳуснора ҳозирда Ургут тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими қошидаги “Баркамол авлод” марказида тўгарак раҳбари сифатида иш бошлади.

  Муҳаббат РАВШАНОВА,

“ХХI asr”мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!