Муаммолар ўз ечимини топса...

Ташрифлар: 125

Сана: 15.03.2017 15:12

Бугун тадбиркор бўламан, даромадимни ошираман деган инсон учун барча шарт- шароитлар мавжуд. Шунга қарамай, турли сабабларга кўра жойларда ташкил этилаётган айрим тадбиркорлик субъектлари фаолияти вақтинча тўхтаб қолмоқда, айримлари эса тугатилмоқда.

Ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати ва салоҳиятларидан келиб чиқиб, бугун O‘zLiDeP томонидан партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда соҳага алоқадор мутасадди ташкилот масъуллари жалб этилган ҳолда тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган асосий муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Ана шундай масалаларга бағишланган навбатдаги очиқ мулоқот Самарқанд вилоятида “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мувзуида ташкил этилди.

Партия депутатлик гуруҳи вакиллари, тижорат банклари, муттасади ташкилот ва идоралар раҳбарлари, мутахассис ва экспертлар ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатган  тадбиркорлик субъектлари, фермерлар иштирокида ўтган мулоқотда тадбиркорларнинг салоҳият ва имкониятларини тўла рўёбга чиқариш, уларнинг йўлида ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этилиши масалларига алоҳида эътибор қаратилди.

—Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка, фермерлик ҳаракатига алоҳида эътибор қаратилгани натижасида бугун вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 78 фоизга етди, - дейди партия вилоят Кенгаши бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Қодир Шоимов. —Вилоятда 2016 йилда 16 минг 208 та кичик тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлса, 1486 таси ўз фаолиятини тугатган, 1418 та кичик корхона ва микрофирмалар айрим сабабларга кўра фаолият кўрсатмаяпти. Мазкур тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритмаслиги ҳолатлари ўрганилганда аён бўлдики, бошланғич сармоянинг, кредит олиш учун гаров мол-мулкининг йўқлиги, айланма маблағларнинг етишмаслиги ва тадбиркорларнинг соҳа­га оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятидан етарли даражада хабардор эмасликлари сабаб бўлмоқда.

Мазкур масалалар юзасидан вақтинча фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектлари ҳам ўзларининг муносабатларини билдириб, айрим ташкилот фаолиятлари юзасидан танқидий фикрларини билдиришди.

- Бизни оилавий корхонамиз полетилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, - дейди Оқдарё туманидаги “Озодбек Оқдарё” оилавий корхонаси раҳбари Олим Туркашев. - Корхонамиздаги электр энергияси маҳалламиздаги кўпчилик аҳоли фойдаланаётган трансформотрга уланган. Мазкур трансформатордан фойдаланиш жараёнида аҳолидан норозиликлар келиб туша бошлаганлиги сабабли, биз корхонамизни бошқа жойга кўчириш учун ер сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Мана ярим йилдирки берган аризамга туман ҳокимлиги жавоб бермаяпти. Энг ёмони корхонамизда меҳнат қилаётган 10 нафар ишчиларимиз ишсиз қолди. Шу сабабдан фаолиятимиз тўхтаб қолди. Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари бу масалани ҳал этишни ўз зиммаларига олиб, ер ажратишда ёрдам беришларини айтиб ўтишди.

Мулоқот давомида вилоятдаги мавжуд амалиёт ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш учун тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан уни тугатишгача бўлган жараённи тартибга солувчи нормаларни тизим­лаштириш учун ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, мазкур соҳада идоравий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилишни камайтириш каби таклифлар ўртага ташланиб, тегишли чоралар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!