Муаммолар жойида ҳал этилмоқда

Ташрифлар: 180

Сана: 06.04.2017 12:02

Бугунги кунда Самарқанд туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 95,8 фоизга етди. Бу соҳада иш билан банд аҳолининг 96 фоизи меҳнат қилмоқда. Улар томонидан 2016 йилда 117,5, саноат, 106,6 фоиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 6,7 фоиз маҳсулотлар экспорт қилинган. Шунга қарамай туманда ўтган йилда 1 минг 128 та кичик тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлса, 92 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини тугатган, 108 та кичик корхона ва микрофирмалар фаолият кўрсатмаяпти.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят Адлия бошқармаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамкорлигида “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини  амалга оширишнинг муҳим омили” мавзуида ташкил этилган очиқ мулоқотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятини тугатиш ва тўхтатганлик сабаблари атрофлича муҳокама қилинди. 

– Кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка, фермерлик ҳаракатига алоҳида эътибор қаратилгани натижасида иқтисодиётимизда соҳанинг улуши тобора ортиб бормоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элбек Шукуров. – Ушбу соҳа нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришнинг, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаи, фаровонликка эришишнинг муҳим омили, жамиятимиздаги ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг муҳим кафолати, юртимиз тараққиётининг фаол кучларидан бирига айланди.

Тўғри, бугун юртимизда тадбиркорларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ниҳоятда кенг, улар учун барча шароитлар муҳайё. Бироқ мавжуд имтиёз ва шароитлардан фойдаланишда ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, улар фаолиятига молиявий маблағларнинг етарли эмаслиги, тайёрланаётган маҳсулотига бўлган талабнинг камлиги, хом ашё йўқлиги, ишлаб чиқариш ускуналирнинг эскирганлиги, бино ва ер майдони мавжуд эмаслиги сабаб бўлмоқда.

– Ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммоларни тизимли ва таҳлилий ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш борасида ёндашувларнинг турличалиги соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатади, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Илҳом Ботиров. – Тегишли идоралар вакиллари ва мутахассислар билан биргаликда мавжуд муаммолар, тадбиркорларнинг барқарор фаолиятида уларга хизмат қилувчи тижорат банклари, консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг ва суғурта ташкилотлари ва хом ашё биржалари фаолиятини ҳудудларда ҳам самарали йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдик.

Тадбирда партия депутатлик гуруҳи вакиллари, вилоят Адлия бошқармаси мутахассислари, тижорат банклари, муттасади ташкилот ва идоралар раҳбарлари, мутахассис ва экспертлар томонидан фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлик субъектлари, фермерлар йўлида ғов бўлаётган бюрократик тўсиқлар, ғовлар, уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, муаммоларнинг кўпи шу ернинг ўзида бартараф этилди.

– “Ўзсаноатқурилиш” банк туман филиали томонидан икки ойдан буён маблағларимизни конвертацияси қилиш муаммо булиб турган эди, – дейди тумандаги “Самандар Самир МИН” фермер хўжалиги раиси Мирзаев Иброҳим. – Бугунги амалий мулоқот давомида мазкур масала юзасидан банк мутахассисларига қилган мурожатим натижасида масала жойида ўз ечимини топди. Қувонарлиси, тадбиркорлар билан бўлиб ўтган мазкур амалий мулоқот давомида 10 дан ортиқ муаммолар ўз ечимини топди. Бундан биз ёшлар ниҳоятда миннатдормиз.

Тадбирда назорат қилувчи органлар, маҳаллий ижроия хокимият органлари, партиянинг туман Кенгаши ва партия депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, тугатилган ва вақтинча фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!