Муштарак мақсадлар

Ташрифлар: 27

Сана: 20.09.2016 12:17

20.09.2016 й.

     O‘zLiDePнинг Қизилтепа тумани ташкилоти Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи билан ҳамкорликда олиб бораётган тарғибот тадбирлари натижасида бошланғич ташкилотлар ва аъзоларимиз сони тобора ортяпти.

– Ўтган олти ой мобайнида тўртта янги қуйи тузилма фаолият бошлади. Уларнинг учтаси фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектларида ташкил этилди, – дейди партия туман бўлимининг бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш бўйича бош консультанти Сарвиноз Холматова. – Депутатлар билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик ижобий самара бераётир. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Рустам Саломов ва Амин Ўроқовнинг ташаббуси билан “Ванғози Агро экспорт” масъулияти чекланган жамиятида, “Усто Қодир” ҳамда “Асадбек ор­зуси” фермер хўжаликларида янги қуйи бўғинлар тузилди. Натижада сафдошларимиз сони 134 нафарга кўпайиб, туман бўйича жами 1 минг 476 нафарга етди. Мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида  сафдошимиз, вилоят Кенгаши депутати Абдусалим Жалилов билан биргаликда ўтказилган тарғибот ишлари туфайли “Қизилтепа шарбати” масъулияти чекланган жамиятида яна бир янги бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсата бошлади. 

– Мустақиллик даврида  мамлакатимизда кўппартиявийликка асос солинди, – дейди депутат Абдусалим Жалилов. –  Бу эса фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларидан  бемалол фойдаланиш, кучли демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги фаол иштирокига шароит яратди. Мулкдорлар синфи вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашни асосий мақсади деб билган O‘zLiDePнинг бугунги муваффақиятли фаолияти боисидан ҳаммаслакларимиз тобора кўпаймоқда.

Хусусан, “Қизилтепа шарбати” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтган таъсис йиғилишида намунали хулқи,  ишбилармон ва ташаббускорлиги билан жамоада ҳурмат қозонган ҳисобчи Рамз Нурматов мазкур бошланғич партия ташкилотининг раиси этиб сайланди. 

– Юртимиздаги мавжуд сиёсий партияларнинг устав, дастурлари билан танишдим ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган O‘zLiDePга аъзо бўлишга қарор қилдим, – дейди Рамз Нурматов. – Жамоамиз аъзоларининг менга ишончи партия ғояларини тарғиб қилишга ундайди. Ўн нафар партия аъзоси билан иш режамизни туздик.

Таъкидлаш жоизки, таянч бўғин аъзоси, 33-Арабон сайлов округидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Абдусалим Жалилов байрам арафасида тумандаги “Варозун” маҳалла фуқаролар йиғинига ўз маблағи ҳисобидан  икки миллион сўм  қийматдаги замонавий компьютер жамланмасини совға қилди.

– Маҳалламиздаги 576 та хонадонда
3 минг 100 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Варозун” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насим Очилов. – Ўтган сайловда O‘zLiDePдан кўрсатилган номзод учун овоз бериб, хато қилмаган эканман. Чунки ушбу партиядан сайланган депутатимиз ҳамда қуйи бўғинлар фаоллари ҳамкорлигида уюштирилган тадбирлар натижасида маҳалладаги 50 фоиздан ортиқ оила тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. 

"XXI asr"

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!