Мустақиллик шарофати билан мулкдорлар сафи янада кенгайди

Сана: 30.08.2016

30.08.2016 й.

     Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида “Мулкдор оила” лойиҳасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди. Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари, тижорат банклари ва Давлат солиқ бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни янада жадаллаштириш, яратилган шарт-шароитлар, имтиёз ва преференциялардан самарали фойдаланиш ҳамда аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида фикр алмашилди.

–Бугун мамлакатимизда тадбиркор ва фермерлар учун тадбиркорлик муҳитини яратиб бериш, уларнинг иш фаолияти давомида учраётган тўсиқларни бартараф этиш борасида қабул қилинаётган қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари айни кунда барча тадбиркорларимиз учун ўз самарасини бериб келаяпти, – дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш бўлим мудири Алишер Давлетназаров. – Зеро, бугун аграр соҳада эришилаётган ютуқларда шубҳасиз фермерлик ҳаракатининг ўрни беқиёс. Нега десангиз, ҳозирда мустақиллик фермерлари ўзлари етиштираётган маҳсулотлар билан нафақат бозорларимизни мева-сабзавотлар билан таъминламоқда, қолаверса, мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсишига ҳам ўз улушини қўшиб келмоқда.  

–Бугунги лойиҳада ҳам барча шаҳар ва туманлардан ғолиб бўлган 40 дан ортиқ иштирокчилар ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этди, – дейди Шўмоной туманидан Шаҳрибону Юсупбаева. – Эътиборлиси, бугун ушбу лойиҳада мен ҳам қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиққан бизнес режам билан иштирок этаяпман. Асосий мақсадим эса аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда банкдан имтиёзли кредит олиб ўзимнинг тадбиркорлик фаолиятимни кенг йўлга қуйиш.

Тадбир давомида иштирокчилар соҳа вакиллари томонидан гаров турлари, гаров таъминоти ва тадбиркорликка оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди. Шунингдек, лойиҳада ўз бизнес режалари билан қатнашган иштирокчиларга банклар томонидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

          O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!