“Тадбиркорлик осон иш эмас”

Ташрифлар: 190

Сана: 21.04.2017 18:12

Наҳотки...

Айрим олимлар фикрига кўра тадбиркор аёлларни иккита ижтимоий гуруҳга бўлиш мумкин экан. Биринчи гуруҳга тўлақонли, ўзига ишонган бизнес “леди”ларни киритиш мумкин. Бу гуруҳ вакилларининг тадбиркорлик соҳасига бўлган қизиқиши юқори, бу фаолиятга жиддий эътибор қаратиб, ниятлари ва режалари улканлиги боис бизнесга ҳаётининг ажралмас қисми сифатида қарашади. Иккинчи гуруҳ аъзолари эса ҳаётда кўпчиликни ташкил этади. Улар кимларнингдир таклифи, қизиқарли фикрларига эргашиб, ўз бизнесларини йўлга қўйишади. Бизнесга касб сифатида қараб, даромад олиш учун кундалик амалга ошириш керак бўлган иш деб баҳолайдилар. Биринчи тойифадаги тадбиркор аёллар муваффақиятга кўпроқ эришиб, сифатни даромаддан устун қўядилар. Энг асосийси ҳар иккала гуруҳда ҳам мақсад аниқ, манзил битта. У ҳам бўлса фаровонлик.

Мақсад ва ҳаракат

Ҳақиқий бизнес “леди”ларини кашф қилиш, тадбиркорлиги орқали оиласи фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшадиган хотин-қизлар қатламини кўпайтириш мақсадида O‘zLiDeP Наманган вилояти кенгаши томонидан Тўрақўрғон туманида Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмасини шакллантириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликка кенг жалб этиш ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашнинг амалий ва таъсирчан чораларини кўриш мақсадида “Харакатлар стратегияси – фаолиятимиз мезони” мавзуида икки кунлик семинар ташкил этилди.

80 нафарга яқин уйда ўтирган, вақтинча ишсиз хотин-қизлар иштирок этган семинарнинг биринчи куни тумандаги 152 нафар хотин-қизлар фаолият юритаётган “Дилрабо СДА” хусусий корхонасига ташриф буюриб, у ердаги иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Тадбиркорликнинг машаққатию, ютуқлари ҳақида тўлиқ таассуротга эга бўлган иштирокчилар тадбиркорликка кўмаклашувчи ташкилот вакиллари ва соҳада улкан ютуқларни қўлга киритган наманганлик тадбиркорлар билан учрашиб, ўзаро фикр алмашдилар.

Семинарнинг иккинчи кунида опа-сигилларимизга бизнесни йўлга қўйиш сир-асрорлари, қонун-қоидалари, ғояларни молиялаштириш бўйича сабоқ берилди.

Натижа...

Машғулотлар давомида мутахассисларнинг амалий кўмаги билан 17 нафар опа-сингилларимиз томонидан томорқачилик, паррандачилик, хизмат кўрсатиш, тикувчилик ва қандолатчилик йўналишларида ўз бизнесларини бошлаш ва ривожлантириш учун тижорат банклари ходимлари билан қарийб 300 млн. сўмлик кредит шартномалари имзоланди.

Шаҳноза Кимёназарова, туманидаги “Шаҳноза савдо сервиз МЧЖ” корхонаси раҳбари:

 —Корхонамиз қошида нон маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган цех очиб, 10 нафар коллежни битирган ва вақтинча ишсиз юрган ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ўз ғоямни соҳа мутахассисларига баён қилдим. Лойиҳам ишчи гуруҳ томонидан маъқулланиб, “Миллийбанк” ходимлари билан 150 млн. сўм миқдорида кредит олиш учун шартнома туздим.

Наргиза Ҳамзаева, “Исфорхон” МФЙ да истиқомат қилади, уй бекаси:

—Тадбиркорлик осон иш эмаслигини амалий жараёнда ҳам, назарий билимлар орқали ҳам англаб етдик. Масъулиятни елкасига олишга қодир инсонларгина бу соҳада муваффақиятга эришади. Семинар давомида ўзимга бўлган ишончим ортганлиги боис иссиқхона ташкил этишга қарор қилдим. Эрта пишар карам ва бақалажон етиштиришга мўлжалланган мазкур бизнес лойиҳам амалга ошса оила аъзоларимдан ташқари яна 2 нафар маҳалладошимни иш билан таъминлайман. Бунинг учун банк ходимлари иқтосодий шароит яратиб, менга 15 млн. сўм миқдорида кредит ажратишди.

Тадбир якунида 8 нафар хотин - қизларни “Дилрабо СДА” хусусий корхонасига касб - маҳоратини оширишга юборилишига келишиб олинди.

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!