Ҳисобот –сайлов йиғилишлари

Ташрифлар: 104

Сана: 20.04.2017 16:25

натижалар сарҳисоб қилинди  

Уйчи туманида O‘zLiDePнинг 74 та бошланғич ташкилоти бўлиб, айни кунларда уларда  ҳисобот-сайлов йиғилишлари қизғин давом этмоқда.

“Ҳуррият” маҳалла фуқаролар йиғини қошида ҳам 2004 йилда ташкил топган ва ўз атрофига 11 нафар аъзони бирлаштирган таянч тузилмага “Шифокор” МФЙ  раиси Шоира Абдуллаева  сардорлик қилиб келмоқда.

Ҳисобот –сайлов йиғилишида таъкидланганидек, бошланғич ташкилот томонидан маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни барқарор сақлаш, оилавий бизнесни ривожлантириш, хотин-қизларни, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди, айниқса, партия ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Ҳуррият” кўчасида яшовчи фуқаролар Азизбек Хакимжонов, Анвар Шокиров, Юнусбек Қирғизовлар қорамол боқиш учун, Исмоил Йўлдошев, Акбар Расуловлар иссиқхона ташкил этиш учун банкдан имтиёзли кредит олиш масаласида бошланғич партия ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Уларнинг бу мурожаатлари эътиборга олинди ва Уйчи туман “Агробанк” бўлимидан жами 20 миллион сўм имтиёзли кредит олишларига кўмаклашилди.

Музокарада сўзга чиққанлар эришилган ютуқларни эътироф этганлари ҳолда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилиши зарур бўлган асосий вазифалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирдилар ва якунида  яна кўпчилик овоз билан  Шоира Абдуллаевани бошланғич партия ташкилоти етакчиси этиб қайта сайладилар.

***

Уйчи туманида Адиба Ҳожимирзаева 2012 йилда қизларга тикувчилик, пазандачилик, сартарошлик, уй ҳамширалиги, инглиз, рус, корейс тили  сирларини ўргатишни ўз олдига мақсад қилиб “Шаҳноза мастер класс” номли ўқув маркази ташкил этди. 5 йил давомида юзга яқин қизларни касб сирларидан бохабар қилди, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига ёрдам берди. У тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириб, тикувчилик цехини ҳам очди, болалар ва ўсмирлар учун замонавий кийимлар, сочиқ ва 30 турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ва 21 нафар хотин−қизлар иш билан таъминланди.

Ушбу  ўқув маркази  қошида  2016 йилда O‘zLiDeP бошланғич партия ташкилоти  ҳам таъсис этилди ва унга марказ раҳбари Адиба Ҳожимирзаева етакчи этиб сайланди. Бу эса жамоада ходимларнинг сиёсий, ҳуқуқий билимларини янада оширишда муҳим омил бўлди.

Ҳисобот- сайлов конференциясида амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Маърузалар  юзасидан савол-жавоб, музокаралар бўлиб ўтди, таклифлар билдирилди ва Адиба Хожимирзаева бошланғич партия ташкилоти етакчиси этиб қайта сайланди.

***

“Шифокор” маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги бошланғич партия ташкилотининг ҳисобот–сайлов йиғилиши ҳам ишчан руҳда ўтди. Унда БПТ раиси ўринбосари М.Маткаримова ҳисобот берди.  Унда амалга оширилган ишлар таҳлил этилди, эришилган ютуқлар эътироф қилинди. Шунингдек, айрим камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам  кўрсатиб ўтилди.

- Мен тадбирокорликни йўлга қўймоқчи бўлдим. Лекин бу борада билим ва тажрибам етарли бўлмаганлиги учун ишни нимадан бошлашни билмай иккиландим, - дейди “Шифокор” кўчасида яшовчи фуқаро Аъзамжон Абдурахимов.  – БПТ етакчиси Муборак Акбаровадан маслаҳат сўрадим. Опа менга йўл-йўриқ кўрсатди. Менга ўхшаб маҳалладошим Дилором Қодирова ҳам бошланғич партия ташкилотидан ёрдам сўради. Бизга бизнес режасини тузишда ёрдам беришди. “Агробанк Уйчи туман бўлимидан имтиёзли 7,5 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш масаласида кўмаклашишди. Қарабсизки, ишлар аста-секин юришиб кетди. 

Бошланғич партия ташкилоти фаолиятидан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ёшлар тарбияси, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, тўй ва маросимларни тартибли ўтказиш каби масалаларда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилгани таъкидланди. 

Муборак Акбарова бошланғич партия ташкилоти етакчиси этиб қайта сайланди.

Азамат Қозоқов

O‘zLiDeP Уйчи туман  Кенгаши консультанти

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!