O‘zLiDeP кадрлари заҳирасига иқтидорли ёшлар жалб этилмоқда

Сана: 26.12.2016

Ҳозирда O‘zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши ўз сафига 18943 нафар партия аъзосини бирлаштирган. Шулардан 7647 нафарини ёшлар ташкил этади.

Наманган Давлат университетида O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши томонидан “Ёш партия етакчилари – келажак кадрлари” лойиҳаси доирасидаги тақдимот тадбири ўтказилди. Унда O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, Наманган Давлат университети, Наманган Муҳандислик Педагогика институти, Наманган Муҳандислик Технология институти талабалари, “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, фаол ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда қайд этилганидек, мамлакат сиёсий ҳаётининг етакчи кучи бўлиш партия ва унинг фаоллари зиммасига амалга оширилаётган ишларни тубдан ва кенг кўламда такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.  Хусусан,  ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга касбий, ижодий ва мансаб пиллапояларидан ўсиш учун кенг имкониятлар яратишга кўмаклашиш шулар жумласидандир.

Шу маънода ёшларни партия фаолияти билан яқиндан таништириб, уларни партия кадрлар захирасига жалб қилиш мақсадида маҳаллий кенгаш депутатлари ва партия фаолларини жалб этган ҳолда ҳудудларда туркум тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

Уларда жорий йил 14 сентябрь куни қабул қлинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мазмун моҳияти ва партиянинг ташкилий-тузилмаси ва партия депутатлик корпуси фаолияти  ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда.

Партия фаолларининг қайд этишича, бугунги кунда вилоят партия тузилмаларида фаолият юритаётган ходимларнинг 45 фоизини 35 ёшгача бўлган кадрлар ташкил этмоқда. Вилоятда олиб борилаётган тарғибот ишлари ва амалий ишлар самараси ўлароқ партияда ўз фаолиятини бошлаш истагини билдираётган ёшлар кун сайин ортиб бормоқда.

— O‘zLiDeP фаолиятини аввалдан кузатиб келаман, - дейди НамДУ талабаси Аҳрор Акбаров. —Айниқса, ёшлар билан ишлашдаги ёндошувлари менга жуда ҳам ёқади. Бугунги кун талаблари асосида олиб борадиган кенг кўламли ишлар ҳеч бир ёшни бефарқ қолдирмаса керак деб ўйлайман. Мен ҳам келгусида партия фаоли сифатида вилоятимизда партия обрўини  янада юксалтиришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутасаддилари томонидан атрофлича жавоблар олишди.

                                     

                                                                           Мусохон Юсупжонов,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлим мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!