Таянч бўлиш масъулияти

Ташрифлар: 37

Сана: 03.01.2017 17:40

Кейинги уч йилда O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши таркибидаги бошланғич партия ташкилотлари сони 2 баробарга, аъзолар сони эса салкам 3,7 мартага ортди.

Партиядошларимиз учун ҳам масъулиятли, катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик воқеаларга бой кечган 2016 йилда қўлга киритилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар нималардан иборат? Улардан қандай хулосалар чиқариш лозим?

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгашининг бошланғич партия ташкилотлари  билан ишлаш гуруҳи раҳбари Ҳамза Адизовдан ана шулар хусусида сўзлаб беришини сўрадик.

– Партиявий фаолиятда ўз атрофига 23 минг 400 нафардан зиёд аъзони бирлаштирган 562 та таянч тузилма кўмагига таяняпмиз, – дейди масъул ходим.  – Аъзолар ҳамда электорат вакиллари билан иш олиб бориш, уларнинг ҳисобини юритиш, турли сабабларга кўра ҳисобдан чиқарилганлар ўрнига янги аъзолар қабул қилиш, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида тарғибот тадбирлари ўтказиш, ҳудуд аҳолисини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва улар бўйича юқори партия органларига таҳлилий маълумотлар етказиш борасида қуйи бўғинлар раисларининг сиёсий маданияти, етакчилик қобилияти, интеллектуал салоҳияти ҳамда масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Ҳисобот-сайлов жараёнида БПТларнинг 27 фоизида ташаббускор ва интилувчан ёшлар етакчиликка сайлангани саъй-ҳаракатлар зое кетмаганлигини кўрсатади. Йил давомида таянч тузилмалар раислари учун партия вилоят, шунингдек, Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота туман Кенгашларида 9 маротаба кўргазмали ўқув-семинарлар ташкил этилди. Навоий иссиқлик электр станцияси, вилоят  ўлкашунослик музейи, Навбаҳор туманидаги “Мадаминов Муслим” фермер хўжалигида ташкил этилган  бошланғич ташкилотларнинг фаолияти жойлардан келган маслакдошларимиз иштирокида ўрганилди.

Ўтган йилда таянч тузилмаларимизни тегишли адабиётлар, партиявий ишни ташкил этиш бўйича низом ва услубий қўлланмалар ҳамда тарғибот воситалари билан таъминланишига, партиявий лойиҳалар доирасида ўтказилаётган тадбирларга етакчилар ва фаолларни кенг жалб қилишга   эътибор янада оширилди.

Тадбиркор ва фермер сафдошларимиз, депутатлар, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят Фермерлар кенгаши, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий минтақавий филиали, тижорат банклари ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотларнинг амалий кўмаги туфайли партия обрў ва нуфузини оширишга, бошланғич ташкилотларимиз фаолиятини кучайтиришга эришяпмиз.

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Абдусалим Жалилов, Ориф Каримов, Маҳмуд Бопилов, Райма Биктаева, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларидан Гулшан Олтинова, Алишер Мирзаев, Овод Ерназаров, Амир Азимов, Азим Жўраев ва бошқалар таянч тузилмалар фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш, ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишяпти.

Мансур АСЛОНОВ,

“ХХI asr”мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!