Ёш фермерлар ғолиблик учун курашди

Ташрифлар: 4

Сана: 09.12.2016 16:02

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларни фермерликка кенгроқ жалб этиш ҳамда аграр соҳадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёш фермер” кўрик-танловининг Навоий вилоят босқичи ўтказилди.  

Унда фермерлик фаолиятида фаол шуғулланаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор, қишлоқ инфратузилмасининг ривожланиши ва аҳолисининг фаровонлигини ўсиши учун масъулият билан меҳнат қилаётган 18-35 ёшгача бўлган фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда уларнинг иш бошқарувчилари иштирок этди.

–Бугунги фермер нафақат қишлоқ хўжалиги, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий-сиёсий, замонавий техник соҳаларда пухта билим ва кўникмага эга бўлмоғи, жамоага нафи тегиши учун тадбиркорлик кўникмаларини эгалламоғи ва аъзоларини ўз ортидан эргаштира олиши учун нотиқлик санъатини ҳам пухта ўзлаштирмоғи лозим, – дейди “Ёш фермер - 2015” кўрик танлови республика босқичи 2 - ўрин соҳиби, Кармана туманидаги “Обод турмуш келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Наргиза Маманова. –Шу нуқтаи назардан кўрик-танловнинг аҳамияти беқиёс деб ўйлайман. Сабаби, танловда иштирокчилар танловда ўзлари ишлаб чиққан лойиҳа тақдимоти, савол-жавоб ҳамда нотиқлик санъати йўналиши бўйича ўз билим-кўникмаларини амалда тўлиқ намоён этишди.

–Танловда иккинчи марта қатнашяпман, – дейди 1-ўрин соҳиби, “Очил бобо-2000” фермер хўжалиги раиси Аслиддин Очилов. –Ўтган йили ғолибликни қўлга кирита олмагандим. Ўз устимда ишладим, ҳосилдорликни, экиладиган маҳсулотларнинг турини кўпайтирдик. Меҳнатим ўз самарасини берди. Энди эса олдимизда Республика босқичи турибди. Шу боис ўз соҳамга таалуқли бўлган билимларимни янада бойитиб, пухта тайёргарлик кўришим зарур. Бизларга мана шундай имкониятларни яратиб берган O’zLiDePга алоҳида миннатдорчилик билдираман ва албатта биринчиликни қўлга киритаман.

Танлов якунида республика  босқичида иштирок этиш учун йўлланма берилган ғолибларга ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Жўрабек Аслонов,

O‘zLiDeP Навоий вилояти Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири.