Немисзабон сайёҳлар учун янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳатнома

Ташрифлар: 55

Сана: 09.08.2017 11:58

Яқинда Германиянинг “WОSТОК” нашриёти мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб сайёҳлар учун мўлжалланган “Ўзбекистон – Шарқ ва Ғарб ўртасидаги мамлакат” номли ранг-баранг суратлар билан безатилган саёҳатномани чоп этди.

Икки юздан зиёд саҳифага эга мазкур китоб-маълумотнома 24 бўлимдан иборат бўлиб, унда Ўзбекистон тарихи, маданияти ва сайёҳлик салоҳияти, мамлакатимизнинг мустақиллик йиллари давомида эришган муваффақиятлари ҳамда бугунги кунда республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги атрофлича маълумотлар қаламга олинган. Мазкур нашрда, ҳусусан, жуда ажойиб тарзда сақланиб, авлоддан авлодга ўтиб келаётган ўзбек халқининг кўп асрлик урф-одат ва анъаналари ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Рисолада Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа азим шаҳарлардаги меъморий ёдгорликлар, амалий санъатимизнинг бетакрор ҳамда гўзал намуналарини ўзида акс этаётган қатор фотосуратлар жамланмаси билан бирга жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган ўзбек халқининг буюк аждодлари ҳақида ҳам сўз юритилган.

Мазкур китобдан, шунингдек, сайёҳлар учун турли саёҳат йўналишлари бўйича тавсияларни ўз ичига олган хариталар ҳам ўрин олган.

Нашр муаллифлари Ўзбекистоннинг ҳар бир воҳаси, шу жумладан, кўҳна шаҳарларимизнинг бетакрорлигини алоҳида қайд этган ҳолда улкан сайёҳлик салоҳият, ноёб мерослар ҳамда ажойиб халқ ижодиёти ва пазандалик санъатига эга Фарғона водийси, Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда Қорақалпоғистонга сафар қилишни тавсия этади.

Бир сўз билан айтганда, янги саёҳатнома мамлакатимиз ҳақидаги фойдали маълумотларни ўз ичига олган. Бу эса кўпмиллатли ва турли динларга эътиқод қилувчи фуқароларга эга ўзбек жамиятининг ўзига хос маданияти ҳамда мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти ва сайёҳлик соҳасидаги имкониятлари билан яқиндан танишиш имконини беради.

“Жаҳон” АА, Берлин

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!