Номзоднинг ишончли вакили Ғиждувон тумани сайловчилари билан учрашди

Сана: 29.11.2016

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили С.Ҳусенов Ғиждувон тумани сайловчилари билан учрашди. 

Ишончли вакил сайловчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди. 

Дастурнинг бош мақсади Биринчи Президентимиз томонидан бошлаб берилган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини, юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишдан иборат экани таъкидланди. 

Давлатимизнинг жадал тараққиётига ғов бўлиши мумкин бўлган тўсиқлар ҳар томонлама таҳлил этилган ҳолда, юртимиз ҳаётининг барча соҳаларини қамраб оладиган ва эҳтимол тутилган хавф-хатарларнинг олдини олиш, яқин ва олис истиқболга мўлжалланган энг муҳим устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган, шунингдек, мамлакатимизнинг янада ривожланишини давом эттиришни таъминлайдиган беш устувор йўналиш белгилаб олингани қайд этилди. 

Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш масаласи дастурда асосий ўрин эгаллайди. “Иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб, сиёсий мустақилликни таъминлаб бўлмайди”, деган қоидадан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қатор стратегик йўналишлар илгари сурилган. 

Хорижий инвестициялар ва замонавий илғор технологияларни жалб этиш мақсадида мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатаётир. Бу борадаги илғор тажрибани кенгайтириш учун Ургут, Ғиждувон туманлари ва Қўқон шаҳрида ҳам ана шундай зоналар ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Ғиждувон туманида эркин иқтисодий зона барпо этилиши нафақат ушбу ҳудуд, балки вилоят саноати янада ривожланиши, кўплаб иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамиятга эга. 

Учрашувда Ғиждувон туманидаги “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Г.Шамсиева, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, кулол А.Нарзуллаев ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр билдирди. Сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди. 

ЎзА
 
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!