Одамийликнинг олий мезони

Ташрифлар: 199

Сана: 18.05.2017 15:43

эл-улуснинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш билан ўлчанади

Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматининг сайёр қабули бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худойберганов бошчилигида йигирмадан ортиқ вазирлик, қўмита ва муассаса вакилларидан иборат ишчи гуруҳи фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни вилоят ва туман мутасаддилари иштирокида  ўрганиб чиқишди. Кўтарилган аксарият муаммолар бевосита жойларда ўз ижобий ечимини топган бўлса, бошқалари ҳам тегишли идора ва муассасалар томонидан назоратга олинди.

Инсон дунёга бахт учун келади. Унинг орзу-умидлари, интилишлари рўёбга чиқишида  жамиятда ижтимоий адолат тамойиллари қарор топиши ўта муҳим.

Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ миллий ва умуминсоний қадриятларга, қонун устуворлигига асосланган демократик жамият барпо этишга киришилар экан, бунда инсон манфаатлари энг олий қадрият, деган ғоя бош мезон қилиб олинди.  Уни рўёбга чиқариш учун эса, аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак. Шу боис Асосий Қонунимизда: “давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслари жамият ва фуқаролар олдида масъул” экани алоҳида қайд этилди, инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ҳам бу масалага эътибор қаратилиб: “фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда давлат хизматчилари томонидан сансалорлик ва масъулиятсизлик ҳолатларига бутунлай барҳам бериш учун биз қатъий кураш олиб борамиз. Раҳбарлар фаолиятига, уларга бўлган ишонч ва аҳолини ўйлантираётган муаммоларни самарали ҳал этиш даражасидан келиб чиққан ҳолда, халқнинг ўзи баҳо беради”, дея таъкидланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасига ўтган вақт давомида 2693 та мурожаат келиб тушган. Агар мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, қуйидаги ҳолатни кузатиш мумкин. Мурожаатларнинг 205 таси суд, 153 таси суд ҳужжатлари ижроси, 189 таси ички ишлар органлари фаолияти, 69 таси прокуратура, 224 таси соғлиқни сақлаш, 336 таси уй-жой ва ер, 122 таси банк кредитлари олиш, 185 таси коммунал соҳа муаммолари, 28 таси йўл қурилиши, 18 таси тадбиркорлик ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари, 21 таси солиқ тўловлари ва бошқа соҳаларга тааллуқлидир.  

Мурожаатлар мазмунидан келиб чиқиб,  шартли равишда ажратадиган бўлсак, раҳбар ва назорат органлари фаолиятидан шикоят, ўз шахсий муаммоларига кўмак сўраб ёзилган илтимослар билан бир қаторда кенг жамоатчиликни ўйлантираётган масалалар кўтариб чиқилган хатлар ҳам мавжуд. Шунингдек, у ёки бу соҳани янада ривожлантиришга боғлиқ шахсий таклифларини ўртага ташлаётганлар, уни амалга оширишга кўмак сўраётганлар ҳам бор. Бу эса кишини қувонтиради. Чунки, бундай инсонлар ўз ҳаётий тажрибалари, билимларидан келиб чиқиб, юртимизда кечаётган улкан ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишга чоғланаётган тоифа вакилларидир.

– Туман марказида ижарага бино олиб, “Гўзаллик салони” ташкил этгандим, – дейди Бахмал туманида истиқомат қилувчи тадбиркор Маҳлиё Жумагулова. – Бироқ тумандаги қайта қурилиш муносабати билан фаолиятим тўхтаб қолди. Натижада 3 киши ишсиз қолдик. Туман ҳокимлигида ер майдони ажратиш тўғрисидаги аризам ҳал бўлмагач, Халқ қабулхонасига мурожаат этдим. Аризам кўриб чиқилиб, ижобий ечим топди. Намунали уй-жойлар қурилаётган ҳудуддан “Гўзаллик салони” қуриш учун ер майдони ажратиб берадиган бўлишди. Ишимни, ҳудудни яхши биламан. Доимий мижозларим ҳам бор. 5 нафар кишини доимий иш билан таъминлаш мумкин, деб ҳисоблайман.

Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи Ҳошим Баҳромовнинг интенсив технологиялар асосида боғлар барпо этиш, чорвачилик, боғдорчилик, балиқчиликни ривожлантиришга оид таклифини ўрганиш, эътиборга лойиқ жиҳатларини ҳисобга олиб, мутахассисларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришга жалб этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

– 6 ёшли қизим бор. Афсуски, туғма нуқсон билан дунёга келган. Бир йил олдин жарроҳлик амалиёти қилинган эди. Даволатиш, Даха эшитиш мосламасини олиш жуда қиммат турар экан, шу боисдан ёрдам сўраб, мурожаат қилган эдим. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Қизил Ярим ой жамияти, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ходимлари амалий ёрдам берадиган бўлишди. Дардимга  қулоқ тутиб, ёрдам қўлини чўзган барчага бошим ерга теккунча таъзим қиламан, – дейди ғаллаороллик Фазилат Ҳасанова. 

– Кончилар шаҳарчаси – Маржонбулоқдаги мавжуд муаммолар юзасидан ёзган мурожаатим ўрганиб чиқилди, – дейди Маржонбулоқ олтин конидаги O‘zLiDeP бошланғич партия ташкилоти раиси Муҳаббат Сайдаҳмедова.  – Йўл қурилиши, қишлоқ врачлик пункти ташкил қилиш ва бошқа масалаларга оид таклиф ва мулоҳазаларимиз ижобий ҳал қилинадиган бўлди...

Ишчи гуруҳнинг  сайёр қабули иш жараёнини кузатар эканмиз, кўплаб бундай ҳаётий мисолларга гувоҳ бўлдик. Лекин шу билан биргаликда хаёлингиздан беихтиёр бошқа саволлар ҳам ўтиши табиий. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, манфаати турибди.

Дастлабки, дардли савол албатта жойлардаги ҳокимлик ва идоралар, тегишли мутасаддиларга тааллуқли. Ахир,  аҳоли мурожаатларида кўтарилган ҳаётий муаммоларни айнан улар ўз вақтида ҳал этиши зарур эмасмиди? Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур”. Бу, бугунги куннинг, давр, қолаверса, халқимизнинг ҳақли талабидир.

Жойлардаги мутасадди раҳбарларнинг аксарияти одамлар билан етарли даражада мулоқотда бўлмаганликлари оқибатида турли мурожаатларда кўтарилган муаммолар ҳал этилмаганлигини тан олишиб, бу сайёр қабул улар учун ўзига хос сабоқ бўлганлигини таъкидлашди.

Барибир яна баъзи савол-мулоҳазалар туғилаверади: жойлардаги ўз-ўзини бошқариш органлари, хотин-қизлар ҳамда бошқа қатор жамоатчилик ташкилотлари фаолияти ҳам талаб даражасидами? Улар ўз вазифа ва ваколатларинигина эмас, мажбуриятларини ҳам яхши англаб етишганми? Йўқса, эр-хотиннинг оилавий жанжалини дастурхон қилиб, бутун юрт олдида муҳокама қилиш, маҳалла-кўй, эл-улус учун уят эмасми? Наҳотки, шу жанжалли масалаларни ҳал этиш учун қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, оқсоқолларнинг, ҳаётий тажрибаси етмаётган бўлса? Ёхуд суд қарорининг ижросини таъминлаш, мавжуд жарима ёки алиментларни ундириш учун наҳотки жойлардаги суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳокама қилиш органларида тегишли ваколатлар бўлмаса? Ахир қонун ҳамма учун баравар-ку?

Фермерлик фаолияти билан шуғулланишни истаб, ер сўраган шахсларнинг мурожаати жойлардаги ҳокимликлар эътиборидан четда қолишига ишониш қийин. Чунки ер майдонлари тендер асосида ажратилишини ҳисобга олсак, талабгор шахснинг лаёқатини аниқлаш учун яна маҳалла фаолларига, шу жойда истиқомат қилаётган аҳолига мурожаат қилган маъқул эмасмикин?

Аҳоли мурожаатларида бирон бир соҳа четда қолмади ҳисоб. Бу табиий, чунки кундалик ҳаётимизда у ёки бу мутасадди ташкилотларга тааллуқли масалалар билан мурожаат қилиб турамиз. Энг ажабланарлиси, бугун ўз фикрини турли хил кўрсатмаю қонун-қоидалар билан изоҳлашга уринаётган масъул шахслар, авваламбор, унга мурожаат қилиб қилиб келган шахснинг дардига озгина қулоқ тутиб кўрганда, унга йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳат берганда муаммолар бу даражада кўпайиб кетмасмиди?

Гуруч курмаксиз бўлмайди, дейдилар. Фуқаролар учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, билиб-билмай асосланмаган фикрлар, ғаразли ниятларда ўзгалар устидан шикоят ёзиш ҳолатлари ҳам бор. Бироқ, “халқимизда ўйнаб ёзсанг ҳам ўйлаб ёз”, деган ажойиб ибора бор. “Порталга ёзаман”, деб бировларга дўқ пўписа қилиш, асоссиз мурожаатлар билан кўплаб одамларнинг вақтини олиш, энг ачинарлиси, ҳалол бир инсоннинг руҳий ҳолатига, соғлиғига путур етказиш мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш керак.  Бундай пайтда мазкур шахсларга мурожаат қилиш маданияти ҳақида тушунтириш берилмоқда.

Ҳар бир инсоннинг бахту иқболи – жамият равнақининг гарови, деб қаралаётган давлатимизда бир тан-у бир жон бўлиб, буюк мақсадлар сари интилиш, бир-биримизга елкадош бўлиб яшаш, одамларнинг оғирини енгил қилиш – олий саодат эканлигини англаб етиш вақти аллақачон етган. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“ХХI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!