«Оммавий маданият» – маънавият кушандаси

Ташрифлар: 186

Сана: 20.02.2017 14:45

Ҳозирда шиддат билан ривожланиб бораётган ахборот глобаллашуви натижасида турли мафкуравий таъсирлар, ёшлар онги ва қалби ҳамда тафаккурини эгаллашга уринаётган ғаразли хуружлар тобора кучаймоқда. Хатарлиси, «оммавий маданият»ни тарғиб этиш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган, турли хил йўллар билан одамларни хусусан, ёшларни ўз домига тортаётган ушбу оқимлар ўта хавотирли тус олмоқда.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан “Хавфсиз интернет” лойиҳаси доирасида “Жаҳолатга қарши маърифат ёхуд “Оммавий маданият”га қарши курашишга даъват” мавзуида ташкил этилган  давра суҳбатида бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Оксана Қодирова, Музработ туман Ички ишлар бўлими Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлинмаси инспектори:

– Мамлакатимизда компьютер клублари фаолияти, телевидениедаги турли хил миллий менталитетимизга ёт телесериалларни маълум маънода чеклаш ҳамда 18 ёшга тўлмаган ўғил-қизларни кўнгилочар масканларга ёлғиз киритмаслик борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, бу борада компьютер заллари, интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёки бошқа кўнгилочар жойларнинг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз муассасаларда бўлишига йўл қўйганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Ҳозирги кунда бу каби самарали ишлар «оммавий маданият» тарғиботчиларининг ғаразли мақсадларига қарши кучли ҳимоя воситаси вазифасини бажармоқда. Бироқ бу хотиржамликка берилиш учун асос бўла олмайди.

 Алишер Рўзиев, O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари:

–Ҳозирги кунда интернет ва ахборот маконининг глобалллашуви жараёнида ёшларинг маънавий-ахлоқий тарбиясини янада такомиллаштириш, ёш авлод қалбида миллий маънавиятимизни шакллантириш, бандлигини мунтазам назорат қилиш, бўш вақтларидан унумли фойдаланишлари учун зарур қулайликлар яратиш энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу боисдан глобаллашув даврида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бирга “Оммавий маданият”нинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилишни ҳам асосий ўринга қўйиш керак. Демак, бу ёвуз кучлар таъсирининг олдини олиш, ёшларимиз руҳиятида миллий маънавий-мафкуравий иммунитетни кучайтириш, уларни қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзини, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик давридан  шакллантириб бориш лозим. Бугунги тадбиримизда ҳам шулар хусусида атрофлича фикрлашиб олдик.

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув жараёнида фақат ва фақат маънавиятли одамгина ўз миллий қадриятини, эркин ва озод жамиятда яшаши, ўз Ватанининг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиши учун фидойилик кўрсата олади. Бундай ҳисдан бегона миллат оҳир-оқибат таназзулга учраши муқаррар. Зеро, маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, миллий ва умуминсоний қадриятлар моҳиятини англаб етиши мумкин. 

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!