O'zLiDeP: аҳоли саломатлигини таъминлаш муҳим масала

Ташрифлар: 73

Сана: 23.12.2016 14:56

2017 йилнинг 1 январидан ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари  167 номда ва тиббиёт буюмлари 22 номда тасдиқланган рўйхатга кўра белгиланган нархларда сотилади, дея қайд этилди O'zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ўтказилган тадбирда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорнинг мазмун-моҳиятини хотин-қизлар ўртасида тарғибот қилишга қаратилган давра суҳбатида вилоят тиббиёт бирлашмалари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, фармацевтика йўналишида фаолият юритаётган хотин-қизлар, тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси етакчи  мутахассиси Шерзодбек Низомовнинг қайд этишича, мазкур қарор аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли дори препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида, Соғлиқни сақлаш соҳасида 100 дан ортиқ лойиҳалрни бажариш, 162 та янги чет эл дориларини маҳаллийлаштириш, дори воситаларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробарга ошириш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинган, - дейди Андижон вилоят хўжалик суди судяси Саидмурод Хусанов. —Ўз навбатида авваламбор, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминлаш учун республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарур. 

Шу маънода мазкур Қарорда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш доирасида партия, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш, шунингдек партиянинг стратегик ҳамкор ташкилотлари ва тегишли бошқарма ва идоралар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурий вазифа эканлаги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда иштирок этганлар ўзларининг таклифларини билдиришди.

У.Исаева,

O'zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши

 Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги

ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!