O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи

Ташрифлар: 118

Сана: 18.05.2017 16:07

Қўшработ электр тармоқлари корхонаси раҳбари фаолиятидан қониқмаяпти 

Бугун катта-кичик раҳбарларнинг тўсатдан ишдан олиниши оддий ҳолга айланиб қолди. Замон талаби ва шиддатини ҳис этмаган амалдор саноқли ой ишлаб улгурмай, ўрнини бўшатишга мажбур бўлаётир. Қисқаси, бундай пайтда туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарини вазифасидан озод этилиши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Айни масаланинг эътиборли томони шундаки, бу мутасаддини ишдан олишни туман ёки вилоят ҳокими эмас, балки Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи илгари сураяпти.

Қўшработликлар, айниқса, тумандаги Урганжи, Жўш, Навкат, Қўшработ қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси узоқ йиллардан буён электр энергияси етказиб беришдаги узилишлар ҳақида куйиниб гапириб келади. Бу ҳақда электр тармоқлари корхонасининг туман ва вилоят ташкилотларига бир неча марта мурожаат қилишган. Худди атайин қилинаётгандек мурожаатлар кўпайгани сайин электр энергиясини етказиб бериш кўрсаткичлари камайиб бораверди. Вазият шу даражага етиб бордики, ҳудудлар аҳли бир сутка давомида бор-йўғи 3 соат электр манбаидан фойдаланилишга мажбур бўлди.

– Вазият ўнгланмаса керак, деб ўйлай бошлагандик, – дейди Навкат маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зиёдулла ота Сиддиқов. – Чунки 3 соат давомида етказиб берилаётган электр токи ҳам аҳолига кераксиз вақтларда эрталаб соат 6 дан 7 гача, кеч соат 18 дан 20 гача узатилар эди. Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили, деб эълон қилингани дардимизни енгиллаштирди. Мурожаатларимизга эътибор қаратилди.

Мазкур масала Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларининг эътиборини тортди ва уларнинг ташаббуси билан 18 март куни туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Акрам Мўминовнинг ҳисоботи эшитилди.

А. Мўминов ўз ҳисоботида туманнинг Жўш, Соҳибкор, Урганжи, Оқтепа қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолисининг электр энергияга бўлган талабини Пичот, Қўшработ ва Зирбанд подстанциялари орқали қондирилишини таъкидлади. Шунингдек, мазкур станцияларнинг қувватлари ҳақида маълумот берди. Одатда ташкилот раҳбари халқ вакиллари – депутатлар олдида ҳисобот берганидан сўнг вазият яхши томонга ўзгариши керак эди. Бундай эшитувлардан сўнг вазиятни ўнглаш учун аниқ режалар, чора-тадбирлар белгилаб олинади. Аммо туманда бу борада вазият ўзгармади. Шундан кейин халқ депутатлари вилоят ҳамда туман кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳларининг қўшма йиғилиши ўтказилди, мазкур масала такроран муҳокама этилди.

– Муаммо бежиз икки марта муҳокамага олиб чиқилгани йўқ, – дейди Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи вакили Иноят Аркаев. – Сабабки, мазкур ҳудудларда 60 минг аҳоли истиқомат қилади. Электр энергияси билан таъминлашдаги узилишлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.   

Партия гуруҳларининг қўшма йиғилишидан сўнг Самарқанд вилоят электр тармоқлари корхонасининг махсус фармойиши қабул қилинди. Фармойишга биноан Қўшработ туманини электр энергияси билан таъминлаш бўйича график ишлаб чиқилди. Унга кўра, Урганжи, Жўш, Қўшработ қишлоқ фуқаролар йиғини эрталаб соат 6 дан 11 гача ҳамда кечки 18 дан 23 гача электр энергияси билан таъминланади.

– Бу ҳудудларда 19 та маҳалла фуқаролар йиғини, 3 та касб-ҳунар коллежи, 46 та умумтаълим мактаби, 10 та қишлоқ врачлик пункти мавжуд, – дейди Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Бобохон Шукуров. – Туман аҳолисининг 55 фоизи ушбу ҳудудда истиқомат қилади. Аҳоли кўп ҳолларда “Paynet”, автомашиналар учун сервис хизмати ва интернетдан фойдаланиш учун 60-70 км йўл босиб туман марказига келишга мажбур бўляпти...

Мақолани синчковлик билан ўқиётган газетхон вазият бироз бўлса-да ўнгланибди-ку, деган фикрга бораётган бўлиши табиий. Аммо ҳаммаси сиз-у биз ўйлаганчалик эмас-да. Аҳолига вилоят электр тармоқлари корхонаси томонидан белгиланган график асосида 3-4 кун электр энергияси етказиб берилди, холос. Айни кунларда эса ҳаммаси аввалги ҳолига қайтган: эски ҳаммом, эски тос. Энди O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи Акрам Мўминовни ўз ишига совуққонлиги ва зиммасидаги вазифаларни бажармаётгани туфайли вазифасидан озод этиш таклифини илгари сурмоқда.

 Мазкур таклиф Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши сессиясига киритилиши режалаштирилган.

Ҳасан САЛОМОВ,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!