O‘zLiDeP депутутлик гуруҳи: ҳар бир муаммонинг ечими бор

Ташрифлар: 99

Сана: 11.03.2017 14:17

Тошкент вилояти Бўка туманидаги ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига киритилган ғишт ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Тараққиётга кўмакдош” МЧЖ ҳамда газланган ва газланмаган сув маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Оригинал шаффоф сув” МЧЖ лойиҳалари якунланганлиги, натижада 50 та иш ўрни яратилганлиги ҳисоботларда кўрсатилган бўлса-да аммо амалда уларга лойиҳани амалга ошириш учун ер майдони ажратилмаган.

Шу ва шунга ўхшаш Бўка туманидаги айрим камчилик ва муаммолар, лоқайдлик натижасида ўз вақтида бажарилмаган ишлар Парламент аъзолари томонидан жорий йил 1-10 март кунлари олиб борилган ўрганишлар натижасида аён бўлди.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланиши устидан парламент ва депутатлар назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда уларга амалий жиҳатдан кўмаклашиш юзасидан Тошкент вилоятининг Бўка туманида тасдиқланган режа ва саволнома асосида аҳоли билан бевосита уйма-уй юриб учрашувлар ўтказилиб, тегишли соҳалар ўрганилди.

Мулоқотларда ичимлик суви, электр энергияси, газ ва кўмир таъминоти тиббий хизмат кўрсатиш, аҳоли бандлиги масаласи, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, йўлларнинг ҳолати ва жамоат транспорти хизматининг сифати, тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини ривожлантириш, банк-кредит ва солиқ масалалари, маҳаллий давлат органларининг, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятига тааллуқли 465 та масала кўтарилди. Депутатлар томонидан тегишли чоралар кўрилиб, 132 та масалалар жойида ҳал қилинди.

Масалан, тумандаги 10 га яқин фуқароларни ишга жойлаштиришда, хонадонларга 100 га яқин суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилишида ва 147 та фуқарога тижорат банклари томонидан 1,4 млрд сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам берилди.

—Туманимиздаги қурилиш моллари савдо дўконларида бир дона шифер нақд пулга 24 минг сўм, - дейди Паркент шох кўчаси 13-уйда яшовчи фуқаро С.Каримов. —Аммо банк пластик картаси орқали ҳарид қиладиган бўлсангиз 32 минг сўмдан олишга тўғри келади. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, давлат идоралари томонидан бундай ноҳақликлар қаттиқ назоратга олинаётган бир шароитда афсуски шундай ҳолатларга ҳам дуч келяпмиз. Мазкур масала юзасидан депутатларимизга мурожаат қилдим. Мурожаатим эътиборсиз қолмади. Уларнинг кўрсатмалари билан савдо дўконларидан назорат олиб борилиб, бу каби ноҳақликлар бартараф этилди ва пластик карточкага 24 минг сўмдан 50 дона шифер олиб ховлимизда қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Ёрдам берганликлари учун депутатларимиздан миннатдорман.

Аҳоли билан бевосита учрашувлар давомида 40 дан ортиқ туман “Агробанк” филиали мижозлари томонидан чорва молларини сотиб олиш учун кредит ҳужжатларини белгиланган тартибда тақдим қилган бўлсада, кредитлар ажратилмаётганлиги маълум бўлди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев. - Энг ҳайратланарли томони банк томонидан кредит учун тақдим қилинган аризаларда санани кўрсатмаслик талаблари мавжудлигидир. Бундан бир нечта аҳоли ўз эътирозларини билдиришди. Ушбу муаммони жойида ҳал этиш мақсадида депутатлар томонидан республика Марказий банкига телефон орқали маълумот берилди ва Республика “Агробанк” ҳамда вилоят Марказий банки ҳодимлари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, туман “Агробанк” фаолияти ўрганилмоқда.

Бундан ташқари мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, касб-ҳунар коллежларининг ҳолати, таълим жараёнларига ҳам эътибор қаратилиб, кўздан кечирилди.

Маълум бўлишича, 2004-2009 йиллар давомида Давлат дастурига асосан шу кунга қадар туманда жами 49 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аммо қурилиш-таъмирлаш ишлари қурувчи корхоналар томонидан сусткашлик билан олиб борилиши оқибатида 6 та умумий ўрта таълим мактабларида таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган. Бундан ташқари, тумандаги 13 та умумтаълим мактаблари бинолари мукаммал таъмирга мухтож.

Шунингдек, 11 та мактабгача таълим муассасалари ўрганилганда болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш талаб даражасида олиб борилмаётганлиги, деярли барча мактабгача таълим муассасаларида мажбурий сақланиши керак бўлган дори воситаларининг меъёрнома бўйича рўйхати мавжуд эмаслиги аниқланди. Шундан келиб чиқиб, мактабгача таълим муассасалари хамширалари штатини соғлиқни сақлаш тизимига ўтказиш таклифини ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.

Айтиш жоизки, туманда олиб борилган ўрганишлар юзасидан ишчи гуруҳ томонидан аниқланган муаммоларнинг аксарияти ўз жойида ҳал этилди. Шу билан бирга айрим масалалар бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга таклифлар тайёрлаш учун асос сифатида қабул қилинди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!