O‘zLiDeP – фермер аёллар манфаатлари ҳимоячиси

Ташрифлар: 82

Сана: 01.03.2017 14:44

Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири қишлоқ ҳўжалигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш масаласига устувор аҳамият берилди. Зеро, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз файзи бевосита ушбу тармоқ истиқболига боғлиқ.

Шунинг учун ҳам аграр секторда ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида бозор муносабатларини жорий қилиш ва хусусий мулкчилик шаклини такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда. Бу эса ўзининг юксак самарасини бераётир.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ангор туман Кенгаши томонидан мулк эгаларининг касб билими ва малакаларини ошириш, қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳуқуқий саводхонлиги ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида “O‘zLiDeP – фермер аёллар манфаатлари ҳимоячиси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.  

Тадбирда бугун мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожланиши ва аҳоли турмуши сифатини оширишга йўналтирилган ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида ўз роли ва аҳамиятини кучайтиришни асосий мақсад қилиб қўйган O‘zLiDeP – аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитини яхшилашга жиддий эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланди.

–Бугунги кунда вилоятимизда 177 нафар хотин-қизлар фермерлик йўналишида фаолият кўрсатмоқда, – дейди O‘zLiDeP “Аёл қаноти” гуруҳи раҳбари Н.Рахматова. – Эътиборлиси, улардан 90 нафари партиямиз аъзосидир. Сабаби, қишлоқ тараққиётига хизмат қиладиган фермер аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, фаол аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, хўжалик бошқарув соҳасидаги билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш партиянинг бирламчи вазифаларидан ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, бугунги тадбирда фермер аёллар сиёсий фаоллигини ошириш, соҳадаги мавжуд ютуқ ва камчиликларни муҳокама этиш, фермер хўжаликларининг тўлиқ иқтисодий ва молиявий эркинлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.  Бу эса хотин-қизларнинг соҳага оид билим ва малакаларини ошириш баробарида, уларни янги-янги ғоялар асосида иш юритишини таъминлаши шубҳасиз.

– Дунёнинг бирор давлатида фермерлар учун биздагидек қулай шароитлар яратилмаган бўлса керак, – дейди “Бакир – ангор” фермер хўжалиги раҳбари Гўзал Жумаева. – Бугун Республикамизда давлатимиз томонидан фермерлар учун яратилаётган қулайликларни кўриб, тер тўкиб ишлагинг, меҳнат қилгинг келади.  Тўғрисини айтиш жоиз, бугун Ўзбекистоннинг аграр соҳага қаратаётган эътибор ва ғамхўрликларидан нафақат фермерлар, балки бутун бошли мамлакат аҳолиси мамнун. Нега десангиз, ҳозирда айнан улар томонидан етиштирилаётган сархил мева-сабзавотлар дастурхонларимизни тўлдирмоқда. Бу жараёнда хотин-қизларимиз фаол ва ташаббускор экани ниҳоятда қувонарли.

Дарҳақиқат, фермерлик фаолиятининг мамлакатимиз тараққиётида, аввало, халқимиз учун муносиб ҳаёт барпо этиш, олдимизда турган мураккаб масалаларни амалга ошириш борасидаги аҳамияти беқиёсдир. Шу муносабат билан, бугунги тадбир ушбу мақсадларни амалга ошириш йўлида муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмат

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!