O‘zLiDeP фракциясида муҳим қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

Ташрифлар: 160

Сана: 22.09.2017 11:35

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этувчи бир қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Дастлаб фракция аъзолари биринчи ўқишга киритилган «Жамоатчилик  назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини кўриб чиқдилар. Депутатлар қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг мақсади ва зарурияти ҳақида сўз юритиб, жамоатчилик назорати фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан оғишмай риоя этилишини, улар олдида турган вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига мувофиқ давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар, деб алоҳида қайд этилган. Конституциямизнинг 19-моддасида эса, «Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар», деб белгилаб қўйилган. Бош Қомусимизда бундай нормаларнинг мустаҳкамланганлиги, ўз навбатида, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб боришга қодир бўлган турли фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга оид қонунчилик тизимининг шаклланишига замин яратди.

Таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган конституциявий қоидалар юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топди. Шунингдек жамоатчилик назорати институтининг изчил ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этадиган бошқа қатор қонунлар ҳам қабул қилинди. Хусусан, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир. Мазкур ҳужжатлар давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминлаш, бундай назоратни самарали амалга ошириш механизмини такомиллаштиришга қаратилган.

Умуман олганда, мамлакатимизда жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган бўлиб, у тизимли равишда ривожланиб бормоқда.

Айни пайтда эса, миллий давлатчилик ҳамда жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш жараёнининг босқичма-босқич ривожланиб бориши самараси ўлароқ фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бормоқда. Бу эса, жамоатчилик назорати бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, уни энг юқори поғона, яъни конституция даражасида мустаҳкамлашни талаб этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, соҳадаги қонунчиликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, хусусан жамоатчилик назорати борасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирхиллаштириш ҳамда ягона тизимлаштирилган таянч қонунни қабул қилиш эҳтиёжидан келиб чиқиб, шунингдек, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари етарли даражада очиб берилмаганлигини ҳамда соҳадаги «ҳуқуқий  бўшлиқлар»ни бартараф этиш мақсадида «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун биринчи ўқишга киритилди.

O‘zLiDeP фракция аъзоларининг таъкидлашича, ушбу қонуннинг кучга кириши мамлакатимиз фуқароларимнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришга бўлган Конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Шундан сўнг, депутатлар кун тартибидаги иккинчи масалани кўриб чиқишга ўтдилар. Унда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ушбу қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 211-моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
27-моддасига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилаётгани таъкидланди.

Таклиф қилинаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши биринчидан, хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда уни ҳимоя қилишни кучайтириш, иккинчидан, жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олиш, учинчидан, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Кун тартибига киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида бевосита, партия электорати манфаатларига дахлдор жиҳатлар мавжудлиги боис, фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди. Депутатлар қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга тўхталиб, унда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратилган ер участкаларида лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда, агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, қурилиш бошланганидан эътиборан йигирма тўрт ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар учун ер ва мол-мулк солиғи, солиқ солинадиган базада белгиланган ставканинг уч баравар миқдорида тўлананиши каби нормаларнинг киритилаётганига эътибор қаратишди.

Лойиҳа билан қурилиши тугалланган объектларда товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан олинган мажбуриятлар ўн икки ой ичида бажарилмаган ҳолларда мол-мулк солиғининг уч баравари миқдорида қўллаши назарда тутилмоқда. Депутатларнинг таъкидлашича, юқорида белгиланган муддатни жорий этиш, тадбиркорлик субъектларининг келажакдаги кредит ажратиш бўйича, технологияларини ўрнатиш ва ишлаб чиқариш жараёнини олиб бориш ишлари билан боғлиқ хавфларни бартараф этишга қаратилган. Қолаверса, Солиқ кодексига киритилиши назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратилган ер участкаларида ижтимоий ва инвестициявий мажбуриятларни ўз муддатида бажаришни ва қурилишларни амалга оширишни белгилайди.

Бундан ташқари, ушбу лойиҳани қабул қилиниши, ажратилган ер участкаларидан оқилона фойдаланишни, зарур инвестициялар киритишни, замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишни, янги иш жойлари барпо этишни ҳамда ер участкаси бўйича қурилиш ишларини муддатида бажаришга асос бўлади. Бинобарин, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар O‘zLiDeP дастурида бу борада белгиланган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари шунингдек, йиғилиш кун тартибига киритилган бошқа бир қатор қонун ва қарор лойиҳаларини ҳам атрофлича кўриб чиқдилар. Йиғилиш якунида барча масалалар юзасидан O‘zLiDeP фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!