O‘zLiDeP кенг қамровли ёшлар форумини ташкил этди

Ташрифлар: 129

Сана: 10.08.2016 18:26

2016 йилнинг 10 август куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” эзгу ғояси остида Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва депутатлик корпуси аъзолари, партия “Ёшлар қаноти” фаоллари, республиканинг турли худудларидан келган 200дан ортиқ ёш тадбиркорлар ва фермерлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Форум Ўзбекистонда мустақиллик йилларида кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотларнинг амалий натижаларини ва бу ислоҳотларнинг яққол самараси сифатида мамлакатда ёш мулкдорлар қатлами – ёш тадбиркорлар ва ёш  фермерларнинг  авлоди  шаклланганлигини  тарғиб  қилиш  ва  ёш тадбиркорлар  ва фермерлар  учун  мулоқот  майдонини  яратиш мақсадида ташкил этилди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С.Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори М.Алиев, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар мустақиллик йилларида мамлакатимизда мустақил ва янгича фикрлайдиган, замонавий билим ва касбларни эгаллаган, Ватанимиз эртасининг ҳал қилувчи кучи бўлишга, унинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир янги авлод шакллангани Ўзбекистон эришган энг муҳим ютуқ бўлганини таъкидладилар. Шу сабабли O‘zLiDeP ҳамда унга ҳамкор ташкилотлар айнан шундай ёшларни камолга етказишни ўзининг устувор вазифаларидан бири, деб ҳисоблайди.

Тадбирда таъкидландики, Ўзбекистонда мустақиллик шарофати билан хусусий мулк, тадбиркорлик ва ишбилармонликни изчил ривожлантириш учун асос – қулай шароит ва имкониятлар яратилди. Айнан истиқлол шарофати билан ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни, янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган инсонларни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига, том маънодаги умуммиллий ҳаракатга айланди.

Форум иштирокчилари фикрига кўра, мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида туриб, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ҳаётий саволга жавоб берар эканмиз, бундан чорак аср муқаддам қарамлик исканжасидан озод бўлган мамлакатимизнинг ҳаётида юз бераётган тарихий ўзгариш ва янгиланишларни тўлиқ ифодалаб беришнинг ўзи қийин.

Мустақил тараққиётнинг ўтган қисқа даврида Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибидаги асосан пахта хомашёси етказиб берадиган, салоҳияти паст, аҳолисининг ҳаёт даражаси энг қолоқ республикадан барқарор суръатлар билан ўсиб бораётган, кўп қиррали иқтисодиётга эга бўлган замонавий давлатга айланганидан, истиқлол йилларида дунёдаги саноқли давлатлар қаторида мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд ўсгани, кейинги 11 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари барқарор равишда 8 фоиздан юқори бўлиб келаётганидан шу юртнинг фарзандлари сифатида ёш тадбиркорлар ва фермерлар ҳам ҳақли равишда фахрланадилар.

Форумда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида Ватанимиз эришаётган бундай оламшумул ютуқ ва марралар осонлик билан қўлга  киритилмаётганлиги, уларнинг замирида Президент Ислом Каримовнинг пухта ўйланган сиёсати, кўпни кўрган, мард ва матонатли халқимизнинг мустаҳкам иродаси, қатъияти ва меҳнаткашлиги, эртанги кунимизга бўлган ишончи мужассам эканлиги таъкидланди.

Форум қатнашчилари Ўзбекистон ўз олдига қўйган буюк мақсадларнинг – “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деган ҳаётий шиорнинг амалий натижаларини ана шундай давлатни барпо этадиган, ҳар томонлама рақобатга тайёр бўлган янги авлодсиз тасаввур этиб бўлмайди, деган фикрда якдил бўлдилар. 

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида катта ютуқларга эришилаётганини, Жаҳон банкининг маърузасида Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олганини алоҳида эътироф этдилар.

Қайд этилдики, Ўзбекистонда хусусий мулкчиликни, тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун яратиб берилган қулайлик ва имкониятлар ёшларимиз орасида ҳам тадбиркорлик ҳаракатига интилиш кучайиб бормоқда. Ҳар йили таълимдан кейин юзлаб ёшлар иш билан банд жами аҳолимизнинг 77 фоиздан ортиғи банд бўлган кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига кириб келмоқдалар.

Бугун юртимизда 88061 нафар ёш тадбиркор ва минглаб ёш фермерлар фаолият юритмоқда. Бу ёшларимиз сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Ёш тадбиркорлар ва фермерлар нафақат ўз оиласи фаровонлигига, шу билан бирга, Ватанимизнинг тараққиётига ҳам ўз ҳиссасини  қўшишга интилмоқда, улар юзлаб янги иш ўринлари  яратиб, ўз  ака-опаларини, тенгдошларини иш билан  таъминламоқда.

Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми қатнашчиларининг якдил фикрига кўра, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати, мамлакатимизда сақланиб келаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий барқарорлик, миллатлараро тотувлик  мамлакатимизда кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, ёш тадбиркорлар ва фермерлар сафини кенгайтириш йўлида янги имкониятлар ва асослар яратмоқда. 

Форум доирасида ўтказилган тадбирларда ёшларга оид давлат сиёсати мақсадларини ҳаётга татбиқ этиб бориш, бунда ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ёш тадбиркорлар ва фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ёш фермерлар ва тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини  ривожлантириш ҳисобига қишлоқ худудларида янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва битирувчи ёшлар иштирокида янги корхоналар фаолиятини йўлга қўйишга доир вазифалар  муҳокамалар марказида бўлди.

“Бизнесда муваффақиятга эришиш омиллари” номли маҳорат дарсларида илғор тадбиркорлар ва фермерлар томонидан иштирокчиларга маҳорат сабоқлари берилди.

Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистон ёш тадбиркорлар ва фермерлари эришаётган  ютуқлар  акс  этган  фотокўргазма ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар намойиши ташкил этилди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!