O‘zLiDeP кенг қамровли ёшлар форумини ташкил этди

Ташрифлар: 87

Сана: 11.05.2017 16:10

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенгроқ жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш, айниқса, иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилган. Зеро, ёшлар – мамлакатимизнинг эртанги келажагини ҳал қилувчи асосий кучдир! 

Шундан келиб чиққан ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишларнинг фаол иштирокчиси сифатида ўрта қатлам – мулкдорлар синфи вакиллари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларининг манфаатларини ифода этади ҳамда ҳимоя қилади.

Шунингдек, O‘zLiDeP ёш тадбиркорлар ва фермерларимиз ўз меҳнати, иродаси ва шижоати билан Ўзбекистон фаровонлигига салмоқли ҳисса қўшаётгани, келажагини Ватан тақдири билан боғлагани, ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал этиш, жамиятда барқарорлик ва тотувликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олади.

Бухорода Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси ташаббуси билан партия вилоят Кенгаши, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” мавзуида ёш тадбиркорлар бизнес форуми ташкил этилди.

Форумда қишлоқ хўжалиги соҳасига янги иқтисодий муносабатларни жорий этиш, биринчи навбатда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришда ёшлар иштирокини кенгайтириш борасида партия томонидан олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

– Ёшлар бандлигини таъминлаш ва жамиятдаги ўрнини топишига бағишланган ушбу форум ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган энг йирик партиявий лойиҳалардан бири бўлди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Жамол Носиров. – Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, O‘zLiDeP томонидан ўтказилган Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми ўз олдига қўйган мақсадига эришди. Бир сўз билан айтганда мазкур форум нафақат ёш тадбиркор ва фермерларнинг муваффақиятларини намойиш этиш, балки ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, ёш ишбилармонлар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш йўлларини муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилди.

Форум доирасида инновацион лойиҳа муаллифларининг кўргазмаси ташкил этилиб, инновацион ғоя муаллифлари, ёш тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларнинг лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.

– Форумда мен туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ўз бизнес лойиҳам тақдимотини ўтказдим ва бу ишланмани амалга ошириш учун керакли тавсиялар олдим, – дейди ёш тадбиркор Ҳикматилло Тўраев. – Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазма ҳам менда жуда катта таассурот қолдирди. Ишончим комил бу каби форумлар ёш авлод вакиллари учун юқори самара бериш баробарида, уларни соҳага оид билим ва малакаларини янада ошириш, истеъдодларини қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлади. 

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамол Носировлар иштирок этди.

ТАДБИР ФОТОЛАВҲАЛАРИ

Азиз Ҳакимов,

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

 Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

Суратлар манбаси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!