O‘zLiDeP Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги вазифаларни белгилаб олди

Сана: 14.02.2017 16:32

Жорий йилнинг 14 февраль куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқувчи вазифаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Мажлисда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаёт, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда аҳоли фаоллигини ошириш йўлида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ислоҳотлар жараёнида сиёсий партиялар, шу жумладан O‘zLiDeP фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий, айниқса сайлов жараёнларидаги фаоллигини ошириш, уларнинг иродаси ва фикрини ифода этиш, марказ ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини шакллантиришдаги иштирокини кенгайтиришнинг муҳим воситасига айланди.

Тадбирда сўз олганлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг миқёсли ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Ҳаракатлар стратегиясига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилгани O‘zLiDeP фаоллари ва депутатлик корпусига алоҳида масъулият юклайди.

Мажлисда Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши O‘zLiDeP, унинг депутатлик корпуси, ҳудудий ташкилотлари ва партия фаоллари олдида турган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида пухта ўрганилиб, таҳлил қилинди. Аввало Стратегиянинг биринчи йўналиши - давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлатнинг ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришда партия иштирокини таъминлаш масалалари хусусида сўз юритилди.

Партия электоратининг манфаатлари, тадбиркорлар ва фермерлар билан жойларда ўтказилган учрашувларнинг натижаларидан келиб чиқиб, мажлисда Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этишни қамраб оладиган комплексли вазифалар кўриб чиқилди. Умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурларини рўёбга чиқариш устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Ҳаракат стратегиясида қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кўзда тутилган чора-тадбирлар партия сайловолди Дастури ва электорати манфаатларига ҳамоҳангдир. Тадбирда партия ҳудудий ташкилотлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиши, аҳоли уларга эркин мурожаат эта олишини таъминлашда бевосита иштирок этишлари лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси ижтимоий соҳа ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, деб таъкидлади мажлис иштирокчилари. Бу борада аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлиғини сақлаш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур жараёнда O‘zLiDeP, айниқса қишлоқ жойларда, ёшларнинг банд бўлмаган қисмини тадбиркорлик ва оилавий бизнесга жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратади.

Мажлис иштирокчилари Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишини муҳокама қилар экан, жамиятимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи тилга олинган фармони мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлис иштирокчилари шунингдек, кун тартибига киритилган иккинчи масала партиянинг 2017 йилга мўлжалланган комплекс ҳаракат дастурини ҳам атрофлича муҳокама қилишди. Таъкидланганидек, мазкур дастур билан давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, “Куч – адолатда” тамойилини амалга ошириш, иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ташкилий-партиявий соҳадаги устувор вазифалар белгилаб олинмоқда. Эътиборга молик жиҳати партиянинг комплекс ҳаракат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўтказиш муддатлари, унинг мақсади, долзарблиги, умуман олганда ушбу вазифалар ижросини таъминлашнинг механизмлари аниқ кўрсатилган.

Йиғилишда масаланинг шу ва бошқа жиҳатлари алоҳида тилга олиниб, ушбу вазифаларни бекаму-кўст амалга ошириш учун эса партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси, депутатлик гуруҳлари аъзоларидан масъулият, ҳамжиҳатлик ва фаоллик талаб этилиши таъкидаланди.

Шунингдек, Сиёсий Кенгаш мажлисида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг янги рамзини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда партия Сиёсий Кенгашининг Ўзбекистон тадбиркорлари ва фермерларига Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишга чорловчи мурожаати қабул қилинди.

Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

ФОТОЛАВҲАЛАР

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

262