O‘zLiDeP: нодавлат таълим соҳасида хусусий сектор улушини кенгайтириш асосий вазифамиз

Ташрифлар: 211

Сана: 22.09.2017 17:53

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаркати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Ўзбекистонда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрда қабул қилинган “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, бу борада O‘zLiDeP олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидландики, таълим сифатини тубдан ошириш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол авлодни шакллантиришни ҳамда ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтариш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган. Қолаверса, мазкур масала бевосита партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларга ҳам ҳамоҳангдир. Бинобарин, дастурда мактабгача ва олий таълим тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга кўмаклашиш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасини хусусий сектордаги улушини кенгайтириш шулар жумласидандир.

Давра суҳбатида иштирокчилар илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда нодавлат таълим муассасаларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Одинахон Жамолдинова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

—Мамлакатимизда но­давлат таълим фаолияти “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунга асосан ли­цензияланадиган фаолият сирасига киради. Бугунги кунда юртимизда 43 та нодавлат умумий ўрта таълим мактаби тегишли лицензияга эга. Халқаро тажрибанинг кўрсатишича, нодавлат таълим фаолияти­ билан нафақат ихтисослаштирилган муассасалар, балки бошқа ташкилий-ҳу­қу­қий шаклларга мансуб юри­дик шахслар: хусусий корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар, ­акциядорлик жамиятлари, фонд­лар, бирлашмалар ва бош­қалар ҳам шуғул­ланишади.­ Хусусан, Францияда нодавлат таълим фаолияти­ билан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бир қаторда хусусий тадбиркорлар, турли компаниялар, Японияда эса тижорат­ бирлашмалари, тадбиркорлар ва бошқа хусусий шахслар шуғулланишади. Германияда ушбу соҳа субъ­ектларининг катта қисмини оилавий корхоналар ташкил этади. Кўриб ўтилганидек, ривож­лан­ган хорижий мамлакатларда нодавлат таълим ­муассасаларининг таълим тизимидаги ўрни ҳам салмоқлидир.

Давра суҳбати қатнашчилари Президентимизнинг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятини партия электоратига етказиш ва жойларда ижросини таъминлаш юзасидан ҳам фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Шоҳида Мирзаева, “KidssportPlaza” нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари:

 —Мазкур қарорни ишбилармонлар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўртасида кенг тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, қарор нодавлат таълим муассасалари сектори кенгайиши, республиканинг ҳар бир туман ва шаҳридаги фуқаролар таълим хизматларидан фойдаланишда танловга эга бўлиши, ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш каби вазифаларни ўз зиммасига оладиган малакали хусусий тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Қолаверса, мазкур қарор билан нодавлат таълим муассасаларига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда аввал ажратилган кредитлар муддатини узайтириш, таълим ва унга тегишли хизматлар бўйича барча солиқ турлари тўловларидан 2021 йилгача озод этилаётгани шу соҳада иш бошлаган тадбиркорлик субъектлари учун кенг имтиёзларни тақдим этмоқда.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари юртимизда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинганлигини ҳам алоҳида қайд этишди. Унга кўра давлат-хусусий шериклик механизми замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратилиб, солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Амалий мулоқотларга бой бўлган тадбирда нодавлат таълим муассасалари фаолиятидаги долзарб масалалар, мактабгача таълимнинг хусусий секторидаги муаммолари ҳамда мазкур соҳа фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари мутахассислар иштирокида атрофлича муҳокама этилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.

Давра суҳбати якунида билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан ўз вақтида қабул қилинган қарорнинг жойларда ижросини таъминлаш, соҳани янада ривожлантиришда тадбиркор ва ишбилармонларнинг улушини ошириш, энг асосийси таълим тизимини давр талабларидан келиб чиқиб, янги босқичга олиб чиқишда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳларининг фаоллигини ошириш, қатъий, таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш борасида алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!