“O‘zLiDeP сафига кирганимиздан бахтиёрмиз”

Сана: 22.12.2016 15:10

дейишмоқда жиззахлик ёшлар

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши таркибига кирувчи бошланғич партия ташкилотларида  бўлиб ўтаётган йиғилишларда кундалик долзарб вазифалар билан бир қаторда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси партия фаоллари ҳамда электорат вакиллари томонидан қизғин муҳокама қилиниб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дея эълон қилинган  2017 йилда амалга оширилиши зарур долзарб вазифалар белгилаб олинмоқда.

– Сафимизга яқинда қабул қилинган иқтидорли ёшлар фаоллиги билан бошқалардан ажралиб турмоқда, – дейди O`zLiDeP вилоят ташкилотининг бошланғич ташкилотлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Исомиддин Ҳамидов. – Сўнгги ойларда партиямиз сафига кириш учун ариза билан мурожаат қилаётганларнинг кўпчилигини айнан навқирон авлод вакиллари ташкил этаётгани қувонарлидир. Масалан,  шу ойда биргина Арнасой тумани бўйича 57 нафар йигит-қизга партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Тумандаги “Бурхонова Фарида” хусусий корхонасида янги таянч тузилма ташкил этилди. Ана шундай ижобий жараённи вилоятимизнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам кузатиш мумкин.

– O`zLiDeP сафига қўшилганимга кўп вақт бўлгани йўқ, — дейди “Юрт келажаги” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиби, Жиззах шаҳридаги 2-сонли академик лицей ўқувчиси Арофат Ғаниева. – Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган муҳим вазифалар биз – ёшларни янада фаолроқ бўлишга ундаяпти. Айниқса, партиямиз асосий электорати  –  тадбиркор ва фермерлар фаолиятини янада ривожлантириш, ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар кўзланган самара бериши учун бор имкониятларимизни ишга солишимиз лозим.

–  Маърузада ёшлар таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, – дейди ёш сафдошларимиздан яна бири Хуршид Мирзаев. – Айниқса, Президентимизнинг “Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак.  Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз керак. Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Бу борада уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур”, дея куюнчаклик билан айтган сўзлари бизни тўлқинлантириб юборди.

Навқирон маслакдошларимиз билан яқиндан мулоқот асносида уларнинг аксарияти кенг жамоатчиликка дахлдор муаммо ва масалаларни дадиллик билан кўтариб чиқаётгани ва ечимини топишда тажрибали партиядошлари ва депутатларимизга кўмакдош бўлишга интилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу эса жойлардаги партия қуйи бўғинларининг фао­лияти янада жонланишига туртки бериши шубҳасиз.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

113