O‘zLiDeP съездига Фарғона вилоятидан делегатлар сайланди

Ташрифлар: 179

Сана: 11.10.2016 10:38

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида сиёсий партиялар, хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳам фаол иштирок этмоқда. 

Партиянинг Фарғона вилояти кенгашида ўтказилган конференцияда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кўрилаётган тайёргарлик масаласи муҳокама этилди. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар партиялараро рақобатни кучайтириб, сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиш механизмининг самарадорлигини оширди. Сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун барча шароит яратилди. Бунинг самарасида фуқаролар, айниқса, ёшларда юртимизда амалга оширилаётган демократик ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғуси юксалмоқда. 

Партиянинг вилоят кенгаши таркибидаги 617 бошланғич ташкилоти 17 мингдан зиёд аъзони бирлаштирган бўлиб, дастурий мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб этиб келмоқда. Бўлажак сайлов мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланиб, партиянинг ушбу сиёсий жараёнда муносиб иштирок этишини таъминлаш учун сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

– Президент сайловининг Конституция ва миллий қонунчилигимиз, умумэътироф этилган халқаро нормалар асосида ўтишини таъминлаш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Раҳматилло Камолов. – Аҳолининг сиёсий маданиятини юксалтириш, фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партия сафини сиёсий етук, ташаббускор, унинг ғоялари рўёбига ишонган ёшлар билан кенгайтириш вилоят кенгашининг доимий ва устувор йўналишларидан биридир. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг VIII съездига делегатлар сайланди. 

ЎзА 
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!