O‘zLiDeP: Тадбиркорлар ҳимояси доимий назоратда

Ташрифлар: 171

Сана: 19.05.2017 15:50

Бугун тадбиркорнинг йўли очиқ. Имкониятлари етарли, имтиёзлари бисёр. Ҳар соҳада тадбиркорлик қиламан, деган инсон учун зарур шарт-шароитлар, имкониятлар бор. Фақат айрим ҳолларда уларда учраётган тўсиқларни бартараф этиш, лозим бўлганда кўмаклашиш керак, холос.

Андижонда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни ижроси бўйича охирги уч йилда хусусийлаштирилган давлат мулки объектларининг ҳозирги кундаги ҳолати, бевосита давлат мулкини хусусийлаштиришда турли хил бюрократик тўсиқларга учраётган тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда айни шу масалалар кун тартибидан ўрин олди.

O‘zLiDeP вилоят ҳамда Андижон шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқотда мазкур Қонунда белгилаб берилган вазифалар аҳоли, жумладан, тадбиркорлик субъектлари, кенг жамоатчилик  вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари ўртасида муҳокама қилиниб, тадбиркорлар томонидан айрим муаммоли масалалар, турли тўсиқ ва ғовлар ўртага ташланди.

–“Тозолов” иншоати қуриш учун фойдаланилмаётган собиқ “Бобур” номидаги ХБК ер майдонидан ажратиб беришларини сўраб мутасадди ташкилотларга ёзма мурожаат қилган эдик, – дейди Андижон шаҳридаги “Маржонинвест гроуп” МЧЖ иш бошқарувчиси Шуҳратбек Абдумажидов. – Бироқ мурожаатимиз эътиборсиз қолдирилди. Шу сабабли бугунги очиқ мулоқотда ушбу масалани ижобий ҳал этиб беришларини сўраб мурожаат қилдим. Ушбу мурожаатимни Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдурауф Абдуллаев ўз зиммасига олди ва тегишли идора мутасаддилари билан ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатишини билдирди. Муаммомиз ижобий ҳал этилаётганидан жуда хурсандман.

Жасурбек Тожидинов 2016 йил август ойида “Жасурнюмтейч” МЧЖни умумий таълим мактабларга транспорт хизматини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этган эди. Асосий фаолиятини эса 2017 йил 1 январдан бошлади. Аммо шундай бўлсада унга давлат солиқ инспекцияси томонидан 590 000 сўм даромад солиқ солинди. Унинг мурожаати депутат ва мутасаддилар томонидан ўрганилди ва қонунчиликда белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилиши қайд этилди. 

–Дарҳақиқат, бугун юқоридаги каби дилни ғаш қиладиган ҳолатлар ҳам учрамоқдаки, улар тадбиркорлар йўлига катта тўсиқ бўлмоқда, фаолиятини тўхтатиб қўймоқда, – дейди O‘zLiDeP Андижон шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, аппарат раҳбари Наврўзбек Юсупов. – Энди бу масалага четдан қараб, кузатиб туриб бўлмайди. Чунки халқ билан мулоқот масаласи фақат депутатлар, раҳбар шахслар ёки давлат идоралари вакилларигагина дахлдор вазифа эмас. Бунда жамоат ташкилотлари, айниқса, сиёсий партиялар зиммасига катта вазифалар юкланади. Бу эса албатта, ҳар биримизнинг фаоллигимизга, ташаббускорлигимизга боғлиқ.  

Тадбир якунида мутассадди идора вакиллари ҳамкорликда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоли масалалар ечими юзасидан алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олинди.  

Қудратбек РАҲИМОВ,

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш

 бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!