O’zLiDeP “Ёшлар қаноти”: буюк келажагимизнинг муносиб ворислари!

Сана: 13.12.2016

Ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда миллий ифтихор ва ўзликни англаш, ватанпарварлик, ўз халқининг тарихи ҳамда маданиятини ҳурмат қилиш фазилатларини шакллантириш келажакка қаратилган ушбу улкан ишларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Ушбу хайрли ишлар доирасида O’zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва билимини янада мустаҳкамлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ҳамда Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – фуқаролик жамияти шаклланишининг муҳим омили” мавзуида партия ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

O’zLiDeP Сирдарё вилоят ва Гулистон шаҳар Кенгаши вакиллари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари, Гулистон шаҳридаги касб-ҳунар коллежининг ўқитувчи ва ўқувчилари, партия “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этган тадбирда Конституциямизнинг қабул қилиш жараёни, ўтган йиллар давомида унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда давлатимиз тараққиётидаги аҳамияти тўғрисида сўз юритилди.

Тадбирда Асосий қомусимиз демократик ҳуқуқий давлат қуриш кафолати ва шу юртда яшаётган барча инсонлар тенглигини таъминловчи қонуний кафолат экани, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш пойдевори бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, Конституциямизда белгиланган ёшларга оид ҳуқуқ ва эркинликлар, давлат ва жамият олдидаги бурч ва вазифалар, мажбуриятларини тушунтириш самарадорлигини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

—Ўзбекистон Конституцияси туб моҳияти, фалсафаси ва мақсадига кўра, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлат манфаатларидан устун деган ҳаётбахш умуминсоний ғояни ўзида мужассам этган, – дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси масъул ходими Озод Жўраев. – Шунингдек, Асосий Қомусимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир асосий принципларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани уларнинг ривожланиши учун зарурий ҳуқуқий шароит яратди. Ҳозир мамлакатимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари шу асосда эркин фаолият юритмоқда.

Тадбир давомида ёшларнинг фикрларини тинглар экансиз, сиёсий дунёқараши камол топиб, давлат ва жамият миқёсида рўй бераётган жараёнларга ўз муносабатини билдира олиш қобилияти шаклланганига гувоҳ бўласиз. Демак, ёшларимиз Асосий қомусимиз белгилаб берган Буюк келажагимизнинг муносиб ворисларидир.

Тадбир давомида Бош Қомусимизда фуқароларнинг белгиланган ҳақ-ҳуқуқлар акс этган саҳна кўриниши намойиш этилди.

Ҳусан Жабборов,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири.

O‘zLiDePнинг «facebook» даги расмий саҳифаси ва «telegram» даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!