Sharh.uz: Абдулла Арипов номзоди Бош вазирлик учун илгари сурилди

Ташрифлар: 171

Сана: 13.12.2016 11:25

Бугун 12 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги олтинчи мажлиси бўлиб ўтган ва унда айни вақтда Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Арипов Абдулла Ниғматович номзоди мамлакат Бош вазирлиги учун илгари сурилган.

Бу ҳақда тадбир иштирокчилари хабар бермоқда. Йиғилишда партиянинг Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги депутатлари, вилоят кенгашлари вакиллари иштирок этган.

Мажлис якуни бўйича қабул қилинган қарорга мувофиқ, А.Арипов номзоди Бош вазирлик лавозимига Олий Мажлис икки палатаси кўриб чиқиши учун таклиф этилган.

Маълумки, Абдулла Арипов бир мунча муддат танаффусдан сўнг жорий йил сентябрь ойидан ҳукумат таркибига қайтарилган эди. Ҳозирга қадар бош вазир ўринбосари, Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.

Абдулла Арипов 1961 йилда туғилган. 2002 йил май ойидан 2012 йилнинг августига қадар бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2005-2009 йилларда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.

Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.

sharh.uz

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!