Эъзоз ва эҳтиром

Ташрифлар: 86

Сана: 05.01.2017 16:31

Мухлиса АКРАМОВА, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари:

– Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан бирга, уларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ. Бугун ўзининг интеллектуал салоҳияти, тиришқоқлиги ва маҳорати билан барча соҳаларда муваффақиятларга эришаётган хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади.

Ҳозирги вақтда аёл нафақат уй бекаси, балки тадбиркор, катта корхоналарнинг эгаси ҳамдир. Уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва бу борадаги хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар эса ўз бизнесини юритиб, оиласи, эл-юрти учун фойда келтириш имконини бераётир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Фақат соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Фақат ақл-заковатли, маърифатли оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлади”. Дарҳақиқат, бугун ўзбек аёллари давлатимиз ва жамиятимиз ардоғида. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, миллат генофондини асраш, хотин-қизлар ўртасида репродуктив саломатликни сақлаш мақсадида  “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳасини қайтадан кўриб чиқиб,  уни янада такомиллаштирдик – ўзгартириш ва қўшимчалар киритдик.

Шунингдек, ўтган йилда опа-сингилларимизнинг ўз иқтидорини намоён этиши, оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кўплаб лойиҳалар ташкил этилди. Тўртта лойиҳа доирасида республика миқёсида 4 минг 500 дан зиёд тадбир ўтказилиб, 400  мингга яқин опа-сингилларимиз қамраб олинди.

Жумладан, “Оилавий тадбиркорликдан – мус­таҳкам оилага” лойиҳасида  иштирок этганлар орасида 561 нафар хотин-қиз ғолибликни қўлга киритиб, тижорат банкларидан 12 миллиард 637 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит олишга муяссар бўлди. Улар томонидан эса 1 минг 302 та янги иш ўрни яратилди.

“Фермер аёллар” лойиҳаси доирасида хотин-қизлар тажрибаларини оммалаштириш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафини кенгайтиришга бағиш­ланган тарғибот тадбирлари уюштирилди.

“Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда 541 та бепул тиббий кўрик ўтказилиб, уларда 80 минг 291 нафар хотин-қиз иштирок этди.

“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови эса юртимизда фаолият кўрсатаётган энг зукко, тадбиркорликда улкан ютуқларни қўлга киритаётган фаол хотин-қизларни бир жойга жамлади. Совриндорларга қимматбаҳо эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди. 

 Аёлларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётган саъй-ҳаракатларимизни жорий йилда ҳам давом эттириш, янгидан-янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз. Зеро асосий мақсадимиз – мамлакатимиз аёллари бахтли бўлсин! Аёл ўз ҳаётидан рози бўлсагина, оиласи ва фарзандларига бор меҳрини бағишлайди, жамият равнақига муносиб ва тўлақонли ҳисса қўша олади.  

Севара МУСЛИМОВА, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири:

– Баркамол авлодни вояга етказиш улуғ мақсадларимиздандир. Бундай вазифаларни адо этишда аёлларимизнинг ўрни беқиёс.

Жамият ҳаётига татбиқ этилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда хотин-қизларининг билим ва салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Уларнинг фаолиятини ривожлантириш, илғор ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни эса алоҳида эътироф этиш лозим.

2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да  партиямиз “Аёллар қаноти” бўлимлари ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда. Жумладан, “Аёллар инновацион ривожланиш тарафдори”, “Хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишнинг долзарб масалалари”, “Замонавий аёл – бунёдкор етакчи”, “Туризмни ривож­лантириш” лойиҳаларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бу эса партиямиз сафи тадбиркор, ишбилармон ва доно хотин-қизларимиз билан бунданда кенгайишига замин яратади.  

"XXI asr"

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!