Қатордаги норларсиз...

Ташрифлар: 53

Сана: 12.01.2017 15:21

Бир нарса кўнгилга таскин беради: юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида садоқат камарини маҳкам таққанлар бор экан, оналарнинг киприги намланмайди, сочлари оқармайди. Оталарнинг бошлари доимо баланд, қалблари ғурур ва ифтихорга тўлиқ бўлади.

Ватанни севиш, унинг ҳар қарич ерини муқаддас билиш энг олий фазилатдир. Ўз мустақиллиги, тинчлигини асрай олган давлатгина барқарор ривожланади, гуллаб-яшнайди.

Шунинг учун ҳам истиқлолнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Изчиллик билан амалга оширилган ислоҳотлар туфайли нисбатан қисқа муддатда чегараларимиз дахлсизлиги, ҳудудларимиз хавфсизлигини таъминлашга қодир бўлган ихчам ва тезкор мудофаа тизими шакл­ланди. Қуролли Кучларимизда маънавий-ахлоқий муҳит бутунлай янгиланди. Ёндашув ва қарашлар тубдан ўзгарди. Ҳарбий хизматни ўташ конституция­вий бурчгина бўлиб қолмай, балки шарафли вазифага айланди.

Ўзбекистоннинг пурвиқор тоғлари, жаннатмонанд боғларигина эмас, кўз илғамас кенгликларда ястаниб ётган чўл-адирлари, қўйингки, барча-барчаси ҳар биримиз учун ниҳоятда азиз ва мўътабардир. Чунки шу юртнинг нон-тузини еб катта бўлганмиз. Тинчлик ва осойишталик эса энг катта бойлигимиздир. Уни кўз қорачиғидай асраш учун биз, оналар мард ва жасур ўғлонларни вояга етказишимиз керак.  Негаки, тинчлик бор жойда тараққиёт, тўй-томоша бўлади, тунлари хотиржам ҳордиқ чиқарамиз, мунаввар тонгни эзгу ниятлар билан қарши оламиз. Энг муҳими, суюкли набираларимиз ота-оналари бағрида бахтиёр улғайишади.

Менинг фарзандларим – ҳарбий хизматчи. Уларни соғинганда беихтиёр суратларига боқаман. Ғурур ва қувонч балқиган кўзларига, ярашиб турган ҳарбий либосига қараб кўзларим ёшланади. Шундай дилбанд­ларим борлигидан ғурурланиб, Яратганга шукрона айтаман.

Бугун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни, давлатлар ва турли сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар кундан-кунга чигаллашиб бораётганини ич-ичдан ҳис этасиз. Бу эса ҳар биримизни доимо ҳушёр бўлишга ундайди. Зеро ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, етук инсонлар этиб тарбиялаш учун барчамиз бирдек масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим. 

Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, ўзини эл осойишталиги учун бурчли деб билган барча юртдош­ларимизни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан чин дилдан табриклайман. Байрамингиз қутлуғ бўлсин, халқимизнинг мард ва жасур ўғлонлари!

Гўзал ИБРАГИМОВА,

O‘zLiDeP Аёлларнинг сиёсий фаоллиги,

жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш

бўлими етакчи консультанти

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!