Халқ ишончи – олий саодат

Сана: 03.01.2017 12:48

Дунё ҳамжамиятида нуфузи йил сайин ортиб бораётган, энг ривожланган давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллашга интилаётган, янги тараққиёт босқичига қадам қўяётган, асосийси, халқининг ҳаёт тарзи, турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораётган, эртанги кунига ишончи мустаҳкам юртга байрамлар ярашади.

Ҳозир қай бир мавзе, манзилдан ўтманг, навқирон йигит-қизларнинг шодон чеҳраларига, кўнгли тўқлик ила дуога қўл очаётган нуроний кексаларимизни учратасиз. Минг йилликлар силсиласида йўқолиб кетмаган, истиқлол шарофати билан янаям кўрк очган муқаддас зиёратгоҳларимиз томон борар бўлсангиз, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга, уларни ўз ҳолича келажак авлодга бус-бутун етказишга қаратилган чора-тадбирлар рўёбини кўрасиз – ҳавасманд, биздан эса ўрнак олишга интилаётган чет эллик меҳмон-сайёҳларнинг ҳайратли нигоҳларини кузатиб эса вужудингизни фахр туйғуси тўлдиради. Буларнинг озод ва обод Ватанимизда ҳукмрон бўлган барқарор тинчлик ва одилона сиёсат туфайлидир.

Том маънода ўта залворли синов – халқимизнинг маънавий иммунитет кучини синаб, пировардида сиёсий фаоллик, мустаҳкам эътиқодга ишора берган ва дадил қадамлар нишонаси ила янги – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га тараққиёт эстафетасини узатаётган 2016 йил юртимиз ҳаётида ўтган йилларга ўхшамаган хотиралар билан эсда қолаётир.

Энг қувончлиси, юртдошларимизда чорак аср мобайнида юртга дахлдорлик ҳисси, шарқона босиқлик ила ҳар қандай муаммони ҳал эта олиш салоҳияти янада ошгани кузатилди. Кўриб-эшитиб турибмиз: дунёнинг турли нуқталарида мафкуравий маҳдудликлар, урушлар ва ғаразли ғоялар таъсирида алданган – азиз тупроғини топтаётган, тузлуғига тупураётган каслар, бунинг оқибатида вайрон бўлаётган ўлкалар оз эмас. Бизнинг халқимиз эса доно, узоқни кўра билади, бу оддий ҳақиқатнинг исботини эса 2016 йилнинг сўнгги чораги яна бир карра исботлади.

Бошда айтганимиздек, айни пайтда жамиятнинг барча бўғинларида йил бошида кўзланган режалар рўёби, амалга оширилган ишлар сарҳисоби кетмоқда. Бу аслида асрлар чиғириғидан ўтган донишманд халқимизга хос қадриятки, муаммо ва камчиликларга холисона баҳо бериш, эришилган ютуқларни эътироф этиш – музаффар кишиларни рағбатлантириш каби чин инсоний фазилатлар аслида тараққиётнинг навбатдаги босқичи учун замин ҳозирлайдиган, мамлакат келажагига ишонч ҳиссини янада кучайтирадиган бир тадбирдир.     

Айни шу лаҳзаларда кунлар, ойлар воқеликлари кино тасмасидек кўз олдимизда гавдаланади. Қайси соҳада фаолият олиб бормайлик ўзимизга қарата: “нималарга эришдигу, нималарга эриша олмадик”, деган саволни берамиз. Муваффақиятлардан қувонамиз. Улгура олмаган хайрли ишларни ўйлаб, енгилгина хўрсиниб ҳам қўямиз. Янги йилда янги режалар тузамиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар орқали Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интиламиз. Зеро, тинч ва фаровон, юксалиш бўй кўрсатаётган юртда яшаб туриб, унинг қувонч-у ташвишларига бефарқ қараб туриш асло мумкин эмас.

Хўш, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳлари фаолияти 2016 йилда нечоғлик самарали кечди? Қай мақсадлар амалга ошди-ю, қандай муаммолар кўзга ташланди. Янги истиқбол режалар нималардан иборат?   

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Шуни таъкидлаш керакки, поёнига етган 2016 йил Ватанимиз истиқлолининг шонли 25 йиллиги нишонланган йил сифатида тарих саҳифаларида муҳрланиб қолади. 

Қолаверса, ўтган йилда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа  – Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Барчамиз гувоҳи бўлдикки, мазкур сайлов миллий қонунчилигимиз ва халқаро меъёрларга мос тарз­да, шунингдек, юқори даражада уюшқоқлик ва якдиллик билан ўтказилди. Унда халқимиз фаол қатнашиб, O`zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлади. Муҳим сиёсий жараёнда умумий сайловчиларнинг 87,73 фоизи иштирок этгани халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти, давлат ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси тобора юксалиб бораётганини кўрсатди.

Ҳар бир киши, у қайси соҳада фаолият юритмасин, янги йилда янги режалар тузади. Олдига катта мақсадларни қўяди. Мен ҳам Президентимизнинг Конституция­миз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларида тилга олинган устувор вазифалардан келиб чиқиб, 2017 йилда халқ дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларига ечим излаш, қабул қилинаётган қонунларни ижросини сўзда эмас, амалда таъминлаш учун бор куч ва имкониятларимни сафарбар этаман.

Муҳаббат ТОХТАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Мана, кўз очиб юмгунча янги йил бошида турибмиз. Вақтнинг дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, 2017 йил – ҳаётимизнинг навбатдаги довонига қадам қўймоқдамиз. 

 2016 йил мен учун ҳам жуда сермазмун кечди. Энг асосийси, ўз фаолиятимдан баҳоли қудрат қониқиш ҳосил қилдим. Чунки кўп вақтимни хонада ўтириб ҳисобот тайёрлашга ёки турли тадбирларда қатнашиб вақт ўтказишга эмас, балки, кўпроқ амалий ишларга сарфладим. Хусусан, жойларда сайловчилар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб, уларнинг ечилмай келаётган масалаларини жойида ўргандим, ҳал қилиш чораларини изладим. Шу мақсадда ҳар ойнинг охирги шанба кунида сайловчилар қабул кунини ташкил этдим. Нокамтарлик бўлса-да, айтишим ўринли, ҳатто уйимда ҳам дам олиш кунлари сайловчилар мурожаатларига қулоқ тутиб, улардан зарур маслаҳатларимни аямадим.

Ва шундай хулосага келдим: мамлакатимизда қабул қилинаётган пухта, мукаммал ишланиб, қабул қилинаётган ҳаётий қонунлар ижроси жойларда ҳали-ҳануз тўла таъминланмаяпти. Йўқса, мурожаатлар бу зайлда кўпаймасди. Бу аччиқ бўлса-да, барибир ҳақиқат. Демак, олдимизда турган ғоят муҳим вазифа бу –  қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият томонидан жойларда қандай бажарилаётганлиги устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини янада кучайтириш. Чунки ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратининг кучайиши билан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини таҳлил этиш, белгиланган вазифалар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилишига эришиш имконияти ортади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, бундай йўл орқали нафақат марказда, балки олис қишлоқ ва туманларда ҳам аҳолини ўйлантираётган масалалар ечим топиши, ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш учун кенг шароит яратилади.

Ғиёсиддин БОБОХОНОВ, Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзоси: 

– Иш самараси сарҳисобда кўринади, деганларидек, депутатлик гуруҳимиз томонидан 2016 йилда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 78 та депутатлик сўрови жўнатдик. Уларнинг аксарияти ижобий ечим топди.

Бундан ташқари, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиясида кўриб чиқиш учун 3 та, доимий комиссиялар йиғилишларига эса 5 та масала бўйича таклиф киритдик. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари  томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни четга экспорт қилиш бўйича яратилган имтиёзлар хусусида вилоят божхона бошқармаси, электр, газ, сув идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари тегишли доимий комиссиялар йиғилишларида эшитилди. Ана шу ишларда фаол қатнашиб, зиммамдаги масъулиятни озми-кўпми адо этаётганимдан, энг муҳими, одамларга нафим тегаётганидан бахтиёрман.

Депутатлик билан бирга “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқдаман. Ҳар тонг ўз ишимни бошлар эканман, қалбим фахр-ифтихорга тўлади. Яъни, мен бахтли мамлакатнинг бахтиёр фарзандиман. Ота-боболарим орзу қилган ниятга ҳурлик туфайли эришиб, банкда ўз ҳисобига эга эркин тадбиркор сифатида иш олиб бораяпман. Бунинг ортидан 207 кишини иш билан таъминладим.  Улар ўз оилаларининг моддий аҳволини яхшилаш баробарида юртимиз фаровонлигига ҳисса қўшишмоқда.

2016 йилда ҳаётимдаги яна бир унутилмас воқеа бу – мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида падари бузрукворим, корхонамиз таъсисчиси Орифжон Бобохонов Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонларига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганликлари бўлди. Бундай юксак эътибордан бошимиз осмонга етди. 

Ғайрат БЕКМУРОДОВ, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари:

– Ҳар қандай фаолиятга холис баҳони доим халқ беради. Хўш, мустақил юртимиз солномаларида зарҳал ҳарфлар билан ёзилажак, “Соғлом она ва бола” йили, деб ном берилган 2016 йил  қайси унутилмас жиҳатлари билан ёдда қолди?   Юртимизда ҳаётга татбиқ қилинаётган иқтисодий ислоҳотларда, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий жабҳаларда O‘zLiDeP фаолларининг, хусусан, биз – депутатларнинг қанчалик ҳиссаси бор? Энг асосийси, сайловчи ишончини оқлай олдикми?

Якунланган йилда Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати сифатида жойлардаги мавжуд муаммолар ечимини ваколатимиз доирасида ҳал қилиш мақсадида мутасадди ташкилотларга 15 та депутатлик сўрови юборилди, уларнинг аксар қисми ижобий ҳал қилинди. 10 дан ортиқ депутатлик гуруҳлари йиғилишларида мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Бироқ, амалга оширган ишларимиздан кўра, ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўплигини O‘zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши қошидаги “Халқ қабулхоналари”га юртдошларимиз томонидан келиб тушаётган мурожаатлар ҳам кўрсатиб турибди. Бу эса бизни ҳушёрликка чорлайди.

Қолаверса, мавжуд қонун ҳужжатларини тарғиб қилиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш асосий вазифамиздир. Бу борада, айниқса, маҳаллий Кенгашларимиздаги депутатларимизга катта масъулият юкланган. Бу борадаги ишларимизни келгуси йилда янада жонлантиришимиз керак. Лекин, тан олиб айтишимиз керак, ҳали жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш талаб даражасида эмас. Маълумки, қуйи бўғин фаоллари бевосита ташкилотларда, ўқув даргоҳларида, яшаш масканларида аҳоли билан ҳамиша алоқада бўлиб, уларнинг қувончу ташвишидан, муаммоларидан яхши хабардор бўлишади. Шу сабаб, келгуси йилда ушбу йўналишдаги ишларимизни янада жонлантиришни режалаштириб қўйганмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни 2017 – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили билан чин дилдан табриклаб, уларга оилавий хотиржамлик, мустаҳкам соғлиқ, Ватан равнақи йўлидаги фаолиятларига муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

Гулстан АРАЛБАЕВА, Халқ депутатлари Қонликўл туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси:

– 2016 йилда фидойи, меҳнатсевар, сабр-қаноатли ўзбек аёли янада қадр топди. Биз, аёллар давлатимизнинг, халқимизнинг ҳурмат-эътиборини ҳар куни, ҳар бир жабҳада ҳис этиб яшамоқдамиз. Буларнинг ҳаммаси шу табаррук юрт фарзанди эканимиздан барчамизнинг қалбимизни фахру ифтихорга тўлдиради. Аёлларга кўрсатилаётган чексиз эътибор ва ғамхўрлик юртимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашда, ёшларимизни зарарли оқим ва таъсирлардан сақлашда, оилаларда, маҳаллалардаги тарбиявий ишларимизни замон руҳига монанд ташкил этишда масъу­лиятни чин дилдан англашга чорлайди.

Депутат сифатида ушбу масъулиятни теран ҳис этган ҳолда  йил давомида O`zLiDeP туман Кенгаши билан ҳамкорликда хотин-қизлар манфаатларини кафолатлаш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидору салоҳиятини намоён этиш борасида кўплаб амалий ишларга қўл урилди. Хусусан, йил давомида 13 нафар хотин-қизга “Микрокредитбанк”нинг туман филиалидан уларнинг ҳар бирига 5 миллиондан кредит олишга кўмаклашдим. Ҳозирда улар олинган маблағга чорва моллари харид қилиб, фаолиятларини янада кенгайтиришга интилмоқда. Яна 25 нафар опа-сингилимиз шу масалада амалий ёрдам кўрсатишимизни сўраб мурожаат қилган. Янги йилда уларга ҳам кредит олишда кўмаклашиш, ўз бизнесини бошлашда ёрдам бераман.

* * *

Хулоса қилиб айтганда, депутат – халқ вакили. Шундай экан, у одамлардан узоқлашмаслиги, аксинча, улар билан бирга нафас олиши лозим. Ана шунда қонунлар янада  пишиқ ва пухта тайёрланади, ижро мехнизми кучаяди,  давлат ва жамият ўртасидаги ишонч кўприги янада мустаҳкамланади.

Акбар Музаффаров,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

136